Ғойиб бўлган эшон ҳақида эшитганмисиз?
Андижон вилояти Хўжаобод туманида жойлашган Имом ота зиёратгоҳи маҳаллий ва хорижий зиёратчилар ва сайёҳларни ўзига жалб этиб келаётган муқаддас қадамжолардан.
Тарихий манбалар ва насабномада келтирилишича Имом ота Исломнинг буюк ва афсонавий саркардаси Ҳазрати Али карамоллоху важхахунинг бани Ҳанифа қабиласига мансуб Биби Ҳанифа исмли аёлидан туғилган фарзанди бўлиб, асл исми Муҳаммад ал-Ҳанафиядир. Муҳаммад ал-Ҳанафия ёшлигиданоқ исломни, Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларини яхши билган илм соҳиби ва жанг санъатини эгаллаган жасур саркарда бўлиб улғаяди. У халифа Усмон (р.а.)нинг қизи Биби Шамсияга уйланиб, халифанинг куёви сифатида ҳам алоҳида мақом ва мартабага сазовор бўлган.
Тарихдан маълумки, Ҳазрати Али ва унинг авлодларига нисбатан мусулмон аҳлининг ҳурмати жуда юқори бўлиб, азиз ва кароматгўй зотлар, дея эътироф этилган. Ана шундай азиз зотлардан бўлган Муҳаммад Ҳанафия ҳам акалари – Имоми Ҳасан ва Имоми Ҳусайнлар вафотидан сўнг, исломни Хуросон ва Мовароуннаҳр бўйлаб ёйиш ва мустаҳкамланишида улкан ҳисса қўшган тарихий шахсдир.
Ул зот ҳақида ўнлаб ривоятлар бизгача етиб келган. Халқ ичида у Имом ота, Бобо Хуросон ота, Хўжа Илғор, Хўжа Абдулқосим каби исмлари билан машҳур бўлиб, кўҳна Мовароуннаҳр ҳудудида Муҳаммад Ҳанафияга нисбат берилган ўндан зиёд зиёратгоҳлар бор.
У милодий 700 йилда вафот этган. Асли қабри эса Форс қўлтиғидаги Тус шаҳрида. Ривоятларда айтилишича Муҳаммад Ҳанафия онасини қарамоғида, отасини танимай улғаяди. Улғайгач, отасини излаб йўлга чиқади. Тақдир тақозоси билан танимаган ҳолда аввал акалари Имоми Ҳасан, Имоми Ҳусайнлар билан кураш тушиб уларни енгади. Сўнг отаси Ҳазрати Али (к.в.) билан узоқ курашади ва Ҳазрати Алининг кўзи рақиби бўйнидаги ўзи бир вақтлар Биби Ҳанифага нишона сифатида берган туморга тушади. Шу тариқа ота-бола топишади. Бироқ, Ҳанафия ўз отаси билан курашганлигини билгач, ўзини гуноҳкор ва шарманда билади ва орқачасига отга миниб шу кетганича бу юртларга келиб қолган. Тоғ бағридаги ғорга кириб ғойиб бўлган. Шу боис у эл орасида “Ғойиб бўлган Эшон” ёхуд “Яширинган Эшон” номини ҳам олган.
Имом Ҳанафия халифа Абдулмалик (685-705) даврида кучайган адолатсизлик, зулмкор сиёсатга қарши шаръий ҳукмлар билан халқ манфаатини ҳимоя қилиб, халифаликнинг даъвогарларидан бири бўлади. Мовароуннаҳр , Хуросон аҳлини чинакам исломий йўлбошчисига айланади. Дастлабки йиллар исломни қабул қилган маҳаллий аҳоли турли тўлов ва солиқлардан озод қилинган бўлиб, у бош имом сифатида солиқ тизимини ҳам ўз назоратига олади ва фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиқади. Кейинчалик у барча амалларини тарк этиб тоғу тошларга чиқиб кетади, тоғли ўлкаларда боғлар, янги ва обод гўшалар барпо этади, ўзи туну кун ибодатда бўлади ва авлиёлик мақомини олади. Имом ота (Тош ота) қишлоғи шундай масканлардан бири бўлиши мумкин. Чунки Қўқон хонлиги қозилар йиғилиши томонидан XIX аср ўрталарида берилган васиқанома бу ерлар Имом Ҳанафия авлодларига дахлдорлигини тасдиқлайди.
Имом ота зиёратгоҳи 1982 йилда меъморий обида сифатида давлат муҳофазасига олинган. 2006 йилда эса “Диққатга сазовор жой” маданий мерос объекти сифатида қайта рўйхатдан ўтказилган.
[gallery-2242]
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА