Тарихда ватан манфаати йўлида билими, куч-ғайрати, мол-мулки ва жонини аямаган аждодларимиз кўп. Улар сўнмас юлдузлардир.
Хусусан, жадид боболаримиз юрт эртаси, ватан ҳимоясини буюк вазифа санаган. Мавзу юзасидан педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Давлатжон Маматқуловнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Баъзан Ватан ҳимоячиси дейилганда соддароқ, бир томонлама қарашларни тушунамиз. Дастлаб, хаёлда ҳарбий хизматчи, қурол-яроғ, давлат чегаралари гавдаланади. Аслида, Ватан ҳимояси кенг тушунча, – дейди Давлатжон Маматқулов. – Ҳар бир давлатнинг ўз манфаатлари бор. Умумий қилиб айтганда, бу миллий манфаат деб номланади ва унинг ҳар бир қисми турли соҳа вакиллари томонидан ҳимоя қилинади.
Ўз касбининг чуқур билимдони бўлган, профессионаллик ва ҳалоллик билан халқ манфаати йўлида куч-ғайратини сарф этаётган барча Ватан ҳимоячиси ҳисобланади.
Маълумки, жадидчилик феномени Россия империясининг Туркистонни босиб олиши ва унинг мустамлакачилик сиёсати даврига тўғри келади. Мустамлакачилар ўлкамиздаги ижтимоий муҳитга ўз манфаатига мос нуқтайи назаридан ташхис қўйган.
Мазкур ташхис маҳаллий халқ турмуш тарзи иррационализм ва эгоистик-аксетизм мазмунидаги мафкуравий омилларга асосланиб, империя манфаатига қаратилган.
Дарҳақиқат, юқоридаги ташхис ўша даврдаги мустамлакачилик сиёсатида исботини топди. Жумладан, таълим масаласида империя “бошланғич мактаблар ҳар бир қишлоқда бор бўлсада, кўп халқ ўқишига қарамасдан саводлилар йўқ”, дея диний таълими борларни ҳам ҳисобга олмаган Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори Кауфман топшириғига кўра, ўлкада маҳаллий халқ таълими ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва оқибатда таназзулга учратиш режаси ўз кучини кўрсатган.
Оқибатда шундай ҳам ташкил этиш жараёни назорат қилинмаган, таълим бериш сифати тушиб кетган муассасалар бошқаруви тўлиқ издан чиқди. Таълим-тарбия назорати, таълим босқичлари ўртасидаги узвийлик йўқотилди.
Маҳаллий халқ анъанавий таълимига эътиборсизлик ва ислоҳ қилмагани ҳам мафкуравий усуллардан бири эди.
Фақат халқ таълимигина Туркистон ўлкасини руҳан босиб олишга қодирлиги эътироф этилиб, пировард мақсад, уларни руслаштиришдан иборат бўлиши лозим, деб ҳисобланган. Шунинг учун ҳам Россия империяси ғояларини тарғиб қилишда ҳамда маҳаллий халқни бошқаришда ёрдам берадиган маслакдош кадрларни етиштириб берувчи рус-тузем мактаблари фаолиятига катта баҳо берилган.
Тарихий хулосалар мустамлакачилик сиёсати Туркистондан фақат ер усти ва ер ости қазилма бойликларини олишга мўлжалланмагани, балки сиёсатда ҳудуд аҳолисини ғоявий тобе қилиш мақсади ҳам мавжудлигини кўрсатади.
Туркистонда жадидчилик ҳаракатлари шаклланиши ўлкада вужудга келган миллий уйғониш эҳтиёжи билан боғлиқ. Том маънода бундай мазмундаги ғояларнинг шаклланиши учун ўлкада ижтимоий муҳит етилган эди.
Тарих силсиласи жадидлар зиммасига икки ғоявий фронтда кураш олиб бориш вазифасини қўйди. Улар ташқи маданиятни тарғиб этишга асосланган мустамлакачилик ғояси ва ирроционализм ҳамда эгоистик-аксетизм мазмунидаги ички ғоялар фронти эди.
Жадидчилик ўз даврида регрессив ғояларга қарши шаклланган прогрессив ғоя сифатида илғор фикрловчи ёшлар, маърифатпарвар шахслар ва тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштира олди. Жадидчилик ғояси ва амалиётида асосан қуйидаги йўналишлар устувор эди.
Мавжуд ички ва ташқи кучларнинг тўсқинликларига қарамай, жадидлар янги усул мактабларини ташкил этиш, иқтидорли ёшларни хорижга ўқишга юбориш, театр труппаларини тузиш ҳамда газета ва журналлар чоп қилиш ишларини уддасидан чиқа олишди.
Тарихчиларнинг ёзишича, Тошкентда 1910 йил 16 та янги усул мактаби, Қўқонда эса 1911 йил 530 нафар ўқувчиси бўлган 8 та усули жадид мактаби фаолият кўрсатган.
Жадидлар мазкур даврда газета ва журналлар чоп этиш, шу орқали ўз ғояларини халққа етказишга ҳам катта аҳамият бердилар. Газета, журналлардаги аксарият мақолалар халқни илм олишга, ёш авлодга дунёвий илм-фан билан қуроллантиришга ундайдиган мазмунда эди.
Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1913 йилда “Самарқанд” газетасида чоп этилган мақоласида “Бошқа миллатларга қаралса, кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур”, дейилган.
“Ойина” журналидаги мақоласида “Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимизда, динимизда обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”, деган фикрлар илгари сурилган.
Жадидлар томонидан ташкил этилган мактаблар, театр труппалари, газета ва журналлар ўз даврида ғоявий кураш воситалари ҳисобланган. Улар мазкур воситалардан ғояларини оммага етказиш, ғоявий рақибларга раддия бериш, уларнинг ҳақсизлигига далиллар келтириш мақсадида фойдаланишди.
Бироқ жадид аждодларимиз даври жуда мураккаб бўлиб, бунда ташқи, мустамлакачи кучларнинг ўз маданиятини тарғиб этишга асосланган мустамлакачилик ғоялари кучли эди. Бу етмаганидек, бошқа масалалар –жадидчилик ва қадимчилар ўртасидаги ғоявий фронт ҳам юзага келган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 11-12 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро илмий конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида таъкидлаганларидек, “Барчамизга аёнки, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли – билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар.
Улар шу йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очдилар. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этдилар. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбордилар.
Шу билан бирга, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, молия, солиқ тизимлари, ер масалаларини тадрижий асосда тубдан ислоҳ қилиш учун ғоявий ва амалий ҳаракатлар олиб бордилар. Бир сўз билан айтганда, улар миллий уйғониш, миллий тараққиёт ғоясини рўёбга чиқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар.
Афсуски, ўша даврдаги мавжуд вазият, ижтимоий тузум бу улуғвор мақсадларни амалга оширишга йўл бермади”.
Жадидларнинг мураккаб даврда олдинга чиқиши катта ҳаракат эди. Ҳар қандай жамиятда тилда, фикрда, ишда бирлик бўлиши юксак марраларнинг асоси саналади.
Марҳабо Мадаминова, ЎзА