Гўшт орасига яширилган қора дори
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Рейд давомида олдиндан кузатувда бўлган фуқаро бошқарувидаги “Нексия-2” русумли транспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада транспорт воситасининг орқа юкхонасида полиэтилен пакетга ўралган гўшт ичига яшириб қўйилган жигар рангдаги ўткир ҳидли мумсимон модда борлиги аниқланди.
Ўтказилган экспертиза текширувлари натижасида мазкур модда 108 грамм оғирликдаги “опий” гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Пойтахтнинг Юнусобод ва Миробод туманларида ҳам навбатдаги тезкор тадбирлар ўтказилди.

Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган “Кобальт” русумли транспорт воситаси ҳамда унда ҳаракатланаётган шахслар белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада транспорт воситаси салонидан 1 дона 0,5 литр ҳажмли баклажка ва 1 дона юпқа ҳолатдаги мумсимон модда ҳамда автоулов бошқарувида бўлган фуқаронинг ёнидан тўқ жигар рангдаги ўткир ҳидли модда борлиги аниқланди.
Экспертиза хулосасига кўра, далилий ашё сифатида олинган мазкур моддалар 101,39 грамм оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ҳамда баклажканинг ичида фаол гиёҳванд модда – “тетрагидроканнабинол” моддаси борлиги маълум бўлди.
***
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида йирик миқдордаги товарларнинг юртимиз ҳудудига ноқонуний кириб келишининг олди олинди.
Жумладан, божхона постига хориждан қиймати 406 минг доллардан ортиқ 3 турдаги товарлар келтирилди. Товарларни кўздан кечириш давомида товар қадоғига қўлбола тарзда товар ёрлиқлари ёпиштирилгани аниқланди.
Шунингдек, ўтказилган экспертиза хулосасига асосан мазкур товарларнинг товар кодлари нотўғри таснифланиши натижасида 1 миллиард 72 миллион сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Натижада қиймати 9 миллиард сўмни ташкил этувчи 48 минг 952 қути “ўсимлик асосидаги ганодерма экстракти” товарлари вақтинча сақловга олиниб, ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.Насриев, ЎзА