Гонгконглик инвесторлар Сурхондарёда йирик лойиҳаларни амалга оширади
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лонг Юйсян ва “JDB Group Limited” компанияси раиси Чен Хунг То бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Президентларимизнинг ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари асосида Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланмоқда. Бу жараёнда Хитой Халқаро коммуникация марказининг ҳам ўз ўрни бор.

Учрашувда Улуғбек Қосимов меҳмонларга Сурхондарё вилоятининг инвестициявий салоҳияти, ҳудуднинг стратегик геоиқтисодий жойлашуви, ишга солинмаган ресурс ва захиралар, шунингдек, ташқи бозорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган истиқболли йўналишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Делегация ҳамраиси Лонг Юйсян Сурхондарё вилоятининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги юқори экспортбоп салоҳиятини алоҳида эътироф этиб, ҳудудда етиштирилаётган сифатли ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Гонконг бозорларига чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббусини илгари сурди.

Мулоқот чоғида аввалги музокараларда эришилган келишувларни амалга ошириш, жанубдаги воҳанинг истиқболли майдонларини ҳамкорликда ўзлаштириб, қимматбаҳо маъданларни қайта ишлаш лойиҳасини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилиб, тегишли келишувлар имзоланди. Ўзаро ҳужжат алмашилди.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида геология-қидирув ишлари, аэрогеофизика ва бошқа ишлар тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширилиб, истиқболли майдонларнинг захиралари тасдиқланади. Техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилади. Кейинги босқичда техник иқтисодий асосларга мувофиқ “JDB Group Limited” компанияси Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимости корхоналарининг бири билан қўшма корхона ташкил этиб, аниқланган захираларни ўзлаштириш ва маъданни қайта ишлаш қувватларини барпо этади.

– Бизнинг асосий мақсадимиз давлатларимиз раҳбарлари эришган барча келишувларни ҳаётга самарали жорий этишдир, – дейди Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лонг Юйсян. – Шуни мамнуният билан айтмоқчиманки, ўтган йилнинг 5 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари иштирокидаги энергетика лойиҳаларига старт бериш маросимида иштирок этдим. Уларнинг қабулларида сермазмун суҳбат қилиш имкониятига эга бўлдим. Мулоқот чоғида бизга берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугун Сурхондарё вилоятида бўлиб, геология, қишлоқ хўжалиги, энергетика каби соҳаларда салмоқли келишувларга эришдик. Учрашувимизда нафақат Гонгконгнинг, балки бутун Осиёнинг машҳур брендига эга бўлган “JDB Group Limited” компанияси бошқарув раиси ва 27 кишидан иборат делегация билан вилоятга келдик. Мен бир нарсани баралла айтишим мумкинки, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегарадош чекка ва олис ҳудудига дунёнинг энг ривожланган компанияларидан бири – гонгконглик тадбиркорларнинг етиб келишининг ўзи, бу Президент жаноби олийлари амалга ошираётган изчил ислоҳотлар самарасидир. Бизга кўрсатилган ёрдам учун маҳаллий ҳокимлик ва ҳокимга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Шу куни меҳмонлар Термиз халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси билан ҳам яқиндан танишиб, бу жой Жанубий, Шимолий ва Шарқий Осиё давлатларини ўзаро боғловчи муҳим минтақавий логистика ҳаби сифатида шаклланиш имкониятига эга эканини қайд этди. Гонконглик инвесторларни Сурхондарё вилоятига жалб этишда кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Хитой билан алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи Ихтиёр Ниязмурадов, Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири