Ғолиб такрорий ўйинда аниқланади
Шу ҳафтада Ўзбекистоннинг икки етакчи жамоаси Осиё Чемпионлар лигасининг “плей-офф” босқичидаги дастлабки учрашувларни ўтказди. Ушбу нуфузли мусобақада илк бор қатнашаётганига қарамасдан муваффақиятли одимлаётган “Навбаҳор” Наманганда Жидданинг “Ал-Иттиҳод” клуби билан куч синашди.
Мавсумлар оралиғида Туркияда тайёргарлик кўрган, таркибини моҳир футболчилар билан кучайтирган “Лочинлар” қитъамизда ўз ўрнига эга бўлган, Осиё Чемпионлар лигасининг икки карра ғолиби, Саудия Арабистонининг тўққиз карра чемпиони – “Ал-Иттиҳод”га қарши муносиб ўйин кўрсатиб, голсиз дуранг натижа қайд этди.

Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионни тўлдириб ўтирган 26 мингдан зиёд ишқибоз жаҳон чемпионати ҳамда Европа Чемпионлар лигасида бош совринларни қўлга киритган франциялик Н’голо Канте, бразилиялик Фабиньо, италиялик Луис Фелипе, португалиялик Жуан, яна бир бразилиялик Ромариньо, марокашлик Абдураззоқ Ҳамидулла ижросидаги ажойиб “дриблинг”лардан баҳраманд бўлди.

Майдон эгалари ҳам номдор рақибдан кам эмасликларини исботлаш учун барча имкониятларни ишга солди. “Навбаҳор” аъзолари Одил Ҳамробеков, Асадбек Собиржонов, Русланбек Жияновда ҳисобни очишга бўлган вазиятлар вужудга келди. Дарвоқе, учрашувни бошқариб борган япониялик ҳакам Иида Жумпеи айрим вазиятларда “Навбаҳор” футболчиларига нисбатан нохолис қарорлар чиқаргани билан ёдда қолди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида сўз олган “Ал-Иттиҳод” клуби бош мураббийи аргентиналик Марсело Галярдо жамоасининг ғалаба қозонишига “Навбаҳор”нинг мустаҳкам ҳимоя қўрғони ҳамда майдон сифати яхши эмаслиги тўсқинлик қилганлигини таъкидлади. Самвел Бабаян эса мавсумлар оралиғида шогирдлари жисмонан тайёр бўлмасада, майдонда муносиб ўйин намойиш этганлигини, стадион тўла мухлисларнинг далдаси ҳам куч берганлиги, сафарда бўлажак жавоб учрашувида ижобий натижа учун интилишини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” ва “Ал-Иттиҳод” жамоалари ўртасидаги кейинги босқич йўлланмасига аниқлик киритувчи ОЧЛ нимчорак финал жавоб ўйини 22 февраль куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 21:00да старт олади. Агарда, учрашувда ҳар қандай дуранг ҳисоби қайд этилган тақдирда, қўшимча бўлимларга мурожаат қилинади. Шунда ҳам ғолиб маълум бўлмаса, пенальтилар серияси орқали бахтли жамоа аниқланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири