Ғолиб боксчиларимиз тантанали кутиб олинди
Бугун, 1 март куни Болгариянинг София шаҳрида якунланган “Странжа” халқаро турнирида зафар қучган боксчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
“Кичик жаҳон чемпионати”номи билан машҳур бўлган мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 6 та олтин, 1 та бронза медалини қўлга киритиб, 37 та мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.

– 2022 йилни катта муваффақият билан бошлаганимиз қувончли воқеа бўлди. Бир қатор давлатлар, жумладан Қозоғистон Украина, Россия ва Болгария терма жамоалари иккита таркиб билан қатнашган мусобақада боксчиларимизнинг пешқадамлик қилиши ўзбек боксининг етакчилик анъанаси бардавомлигидан далолат. Аммо бундай ютуқлар билан ҳаволанмасдан келгуси мусобақаларга, айниқса 2024 йилги олимпия ўйинларига ҳозирдан тайёргарлик кўриб боришимиз муҳим аҳамият касб этади, – деди Ўзбекистон бокс федерацияси ижрочи директори Шохид Тиллабоев.

Ғолиб боксчиларимизни кутиб олиш маросимида Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, мухлислар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

ЎзА