Глобал ижтимоий майдонга интеграллашишда хорижий тил мақоми
Ҳозирги кундаги интенсив глобаллашув дунёсида инсоният макон чегараларини ҳам реал, ҳам виртуал кўринишда кенгайтираётгани миллатлар, тиллар, якка ҳамда кўп маданиятли платформаларнинг интенсив кўчишини тақозо этмоқда.
Ушбу жараён кенг маънодаги шахслараро ва маданиятлараро мулоқотдаги жамиятнинг тўлақонли, мукаммал коммуникатив компетенциясини талаб қиладиган таълим соҳалари, касбий фаолият жабҳаларини ҳам четлаб ўтмайди, албатта. Бу, ўз навбатида, хорижий тилларни ўргатишнинг, ўзлаштиришнинг бутунжаҳон ижтимоий мақомини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги глобал ахборот алмашинуви, рақамлаштириш ҳамда кўп қиррали ўзаро фаолият юритиш шароитида хорижий тилларни ўрганиш, хорижий тил таълими, профессионал контекстда хорижий тилларни қўллаш оламшумул долзарблик касб этади. Зеро, юқори компетентлик даражасида мулоқотни олиб бориш нафақат лисоний, балки инсоннинг жамиятдаги маданий, ижтимоий ва интеллектуал омиллари интеграциясини тақозо қилиши билан қаторда ҳар қандай хорижий тилнинг касбий-профессионал ўсишдаги мавқеи ҳақида сўз борганда, биринчи навбатда, нотаниш ижтимоий форматда маданий конфликтнинг олдини олиш мақсадида дунёқарашни кенгайтиришда, ижтимоий маданий адаптацияларга тайёрликда, ўзига бўлган ишончда, шахсий иштирокида, ўзга тилдаги ахборотни ўзлаштира олиш қобилиятини шакллантиришда намоён бўладиган шахсий ривожланиш кечадиган жиҳатлар яхлитлигини қайд этиш лозим.
Бундай мотивацион вазият юртимизнинг барча таълим соҳаларида – мактабгача таълимдан тортиб олий таълим муассасаларида – хорижий тилларни ўргатиш ва ўрганишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорлар, жумладан, 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бутун Ўзбекистон халқи учун манфаатли ташаббус бўлганлиги ҳаммамизга маълум. Қарор доирасида белгиланган вазифаларга биз, хорижий тил ўқитувчилари катта масъулият билан ёндашишимиз лозимлигини англашимиз шарт ва зарур.
Мамлакатимизда хорижий тил таълими сифатини кўтаришга хизмат қилаётган барча чора-тадбирлар ҳам ўқитувчи, ҳам ўрганувчилар имкониятларининг кенгайишига, миллатимизнинг жаҳон саҳналарида ўзининг ўрнини мустаҳкам эгаллашига кўмаклашиши шубҳасиз. Шу маънода Бухоро давлат университети хорижий тил ўқитувчиларининг ҳам нуфузли халқаро анжуманларда АҚШ, Англия, Ирландия, Туркия ва бошқа дунёнинг етакчи хорижий тил мутахассислари билан бир сафда туриб фикр алмашиб, хорижий тил ўқитиш сирларидан сабоқ бериши, маҳорат дарсларини ташкил қилиши, хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланиб, уларнинг эътибори ва эътирофига сазовор бўлиши устозларимизнинг профессионал юксалиши, касбий такомилидан далолатдир.
Ишончимиз комилки, яқин келажакда Янги Ўзбекистон халқи ўзининг билими, хорижий тилни эгаллашдаги компетенцияси билан ҳаёт жараёнининг ҳар бир соҳасида жаҳон андозаларига мутаносиб равишда фаолият юритади.
Нафиса Қосимова,
Бухоро давлат университети, хорижий тиллар факультети
Таржимашунослик ва лингводидактика кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент