Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президентимиз илгари сурган фикр ва ташаббуслар нафақат юртимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун сиёсий, ижтимоий ва гуманитар жиҳатлари билан муҳим аҳамият касб этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида инсоният олдида турган энг оғир муаммолар – иқтисодий ва ижтимоий тенгсизлик, қуролли можаролар, терроризм, иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, рақамли ривожланишдаги тенгсизлик, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшларнинг глобал жараёнлардаги ўрни ҳақида фикр юритди. Янги Ўзбекистон стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг аниқ натижалари рақамларда асослаб берилди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда камбағаллик даражаси юртимизда 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқаргани глобал миқёсда мисли кўрилмаган натижа ҳисобланади. Бу рақам миллионлаб инсонлар ҳаётидаги аниқ ўзгаришлар, оилалар фаровонлиги, янги иш ўринлари ва ижтимоий имкониятларни ифодалайди. Мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизгача оширилгани эса ҳар 100 боладан қарийб 80 нафари сифатли таълим-тарбия олиш имконига эга бўлганини англатади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида хотин-қизлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда уларнинг салоҳиятини тўла намоён этишига қаратилган сиёсат юритилаётганини таъкидлади.
БМТ минбарида туриб, мамлакатимиз номидан таклиф этилган Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириш ташаббуси ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини глобал миқёсда ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади.
Президентимиз таъкидлаганидек, “дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида”. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғи 30 ёшгача бўлган йигит-қизлардир. Бу демографик ҳолат мамлакатимиз тараққиётида беқиёс имконият яратади. Олий таълим билан қамровни 9 фоиздан 42 фоизга етказилиши натижасида юртимизда юқори малакали кадрлар захираси шаклланмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ташаббуси ёшларнинг глобал миқёсда тинчликпарвар ғоялар асосида бирлашишига хизмат қилади. Унинг бош қароргоҳи Ўзбекистонда бўлиши эса мамлакатимизнинг ёшлар сиёсатидаги пешқадамлигини яна бир бор мустаҳкамлайди.
Шунингдек, мамлакатимиз педагогларнинг обрўси ва нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қараётгани қайд этилди. Ўқитувчи ва мураббийларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун Ўзбекистонда ягона халқаро платформа яратиш мақсадида бутунжаҳон профессионал таълим саммити ўтказиш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар барҳам топганига алоҳида эътибор қаратди. “Бундан 8 йил муқаддам ушбу юксак минбардан туриб Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик, шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлашим мумкинки, биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди”, деди Президент.
Президентимиз Афғонистон масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш, Афғонистонда иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш каби ташаббусларни илгари сурди.
Маърузада Ўзбекистон Ғазо ва Украина масалаларида ҳам тинчлик ва конструктив мулоқот тарафдори экани қатъий таъкидланди. Бу Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ташқи сиёсатининг ёрқин намунасидир.
Партиямиз ушбу ташаббус ва таклифларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр. Биз учун адолат ва тараққиёт тамойиллари – мамлакатимизнинг келажакдаги муваффақияти кафолатидир.
Робахон Махмудова,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,
партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари