Ҳар йили 26 июнь куни Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш куни нишонланади. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1987 йилда эълон қилинган ушбу сана жаҳон ҳамжамиятига замонамизнинг энг катта таҳдидларидан бирига қарши бирга фаол курашиш зарурлиги ҳақида эслатиб туради.

Гиёҳвандлик инсон ҳаётини барбод қилади, миллат саломатлигига зарар етказиб, ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилади. Қолаверса, бу иллат оилаларни бузиб, давлат институтларини заифлаштиради. Чегара билмас бу муаммони бартараф этиш глобал ва минтақавий ҳамкорликни талаб этади.
Ўзбекистон гиёҳвандликка қарши самарали курашиш баробарида мазкур йўналишда қатор муҳим халқаро ва минтақавий ташаббусларни ҳам иилгари сурмоқда. Мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш масаласига фақат ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг вазифаси эмас, балки соғлом, адолатли ва хавфсиз жамият барпо этиш бўйича умумий стратегиянинг бир қисми сифатида қаралади.
Бунинг замирида давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси ва стратегик саъй-ҳаракатлари ётади. Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари” тўғрисидаги Фармони бу борада муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия нарковазият ва мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларини чуқур таҳлил қилиш натижаси бўлди. Мазкур Стратегияда ёшларда иммунитетни шакллантириш, трансчегаравий гиёҳванд воситалари савдосига чек қўйиш, тиббий ва ижтимоий реабилитация, халқаро ҳамкорлик каби гиёҳвандлик воситаларига қарши курашиш фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олган превентив ва жазо чоралари ўз аксини топган.
БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциясини қабул қилиш ташаббусини ҳам айнан Ўзбекистон илгари сурган. Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари учун гиёҳвандликка қарши қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш зарурлигига асосий эътибор қаратилган ушбу ҳужжат мамлакатимизнинг мазкур йўналишдаги глобал жараёнларнинг масъул ва фаол иштирокчиси сифатидаги нуфузини мустаҳкамлади.
Гиёҳвандликка қарши курашиш миллий стратегияси кенг қамровли чораларни амалга оширишга қаратилган. Бу — жирканч иллатга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш ёшлар, мактаб ўқувчилари, талабалар ва ота-оналар ўртасида кенг кўламли маърифий ишлар ҳамда соғлом турмуш тарзини қўллаб қувватлаш ва спортни ривожлантиришни ўз ичига олади.
Чегараларда назоратни кучайтириш доирасида ўтказиш пунктлари ва божхона постларининг моддий-техник базасини тизимли равишда такомиллаштириш, замонавий текширув усулларини жорий этиш, шу жумладан, учувчисиз бошқариладиган махсус техник воситалардан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Наркотикка қарамликни эрта аниқлаш ва диагностика қилиш гиёҳвандликнинг яширин ҳолатларини аниқлаш ҳамда ўз вақтида тиббий ва психологик ёрдам кўрсатишнинг янги усуллари ва дастурларини ишлаб чиқишни тақозо этади.
Интернет тармоғида гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Синтетик моддаларнинг мессенджер ва ижтимоий тармоқлар орқали тобора кенг тарқалаётганини инобатга олиб, рақамли хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда ва махсус мониторинг гуруҳлари ташкил этилмоқда.
Гиёҳвандлик воситаларининг, айниқса, виртуал валюталар ёрдамида ноқонуний савдоси билан боғлиқ молиявий операцияларни кузатиш тизими ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, гиёҳвандликка чалинган инсонларни ижтимоий ва меҳнатга мослаштириш учун шарт-шароитлар яратилиб, уларни камситмаслик тамойили қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам гиёҳвандликка қарши курашиш масаласини фаол илгари сурмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида давлатимиз раҳбари гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича қўшма минтақавий режанинг концепциясини тақдим этди. Мазкур ташаббус кенг иштирокчилар томонидан кўллаб-қувватланиб, Ўзбекистон гиёҳвандликка қарши курашиш дипломатияси бўйича халқаро миқёсда етакчи деб эътироф этилди.
Бугунги кунда БМТ, ШҲТ, ЕХҲТ, Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштирувчи маркази ва бошқа халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. МДҲ мамлакатлари, шунингдек Германия, Италия, Туркия, Ҳиндистон каби давлатларнинг ваколатли органлари билан маълумот алмашиш йўлга қўйилган. Кўплаб қўшма тренинглар, инспекциялар ва илмий анжуманлар ўтказилди.
Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар савдоси тармоғига ёшларнинг кириб қолиши алоҳида хавотир уйғотади. Интернет тармоғида олиб борилаётган тарғибот синтетик моддаларни “хавфсиз” деб кўрсатаётгани, айниқса хатарлидир. Мамлакатимиз давлат органлари мактаблар, коллежлар ва олий ўқув юртларида маърифий-ахлоқий дастурлар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Тошкент, Самарқанд, Андижон вилоятларида гиёҳвандликка қарши муваффақиятли кураш олиб борилаётгани мисолида профилактика самарали бераётганини кўриш мумкин.
Шу билан бирга, ота-оналар, ўқитувчилар, ёшлар етакчилари билан ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хулқ-атворнинг ижобий моделлари тарғиб қилиниб, ижодий ва спортга доир ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Умуман олганда, ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун уларга имкониятлар яратишга қаратилган ёшлар сиёсати муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамоатчиликнинг иштирокисиз гиёҳвандликка қарши курашиш самара бермаслигини англашимиз керак. Шундай экан, ҳар бир киши умумий ишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Ўзбекистонда нодавлат ташкилотлар, кўнгиллилар бирлашмалари, дин арбоблари, блогерлар ва журналистларнинг мазкур жараёндаги иштироки тобора кенгаймоқда.
Гиёҳвандлик воситалари савдосини фош этиш, бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва муваффақиятли реабилитация кейсларини ёритишда ОАВ муҳим роль ўйнайди. Ҳужжатли фильмлар тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларда тарғибот кампаниялари олиб борилмоқда. Бу ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши ички тўсиқ яратиб, ҳақиқий хавф ва оқибатларни англашга ёрдам бермоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон гиёҳвандлик воситаларидан ҳоли жамият барпо этиш йўлида дадил одимламоқда. Бу кураш изчиллик, янги билимлар, инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик, шунингдек, етук фуқаролик ва жамиятнинг барча қатламлари кенг жалб қилинишини талаб этади. Ота-оналар, педагоглар, журналистлар, шифокорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари ва турли соҳалари вакиллари биргаликда бир ёқадан бош чиқариб ишламоқда. Гиёҳвандликка қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ҳаёт тарзи ва фалсафасининг бир қисмига айлангандагина бу йўлда ғалабага эришиш мумкин.
26 июнь — бу оддий сана эмас, балки ҳаракат, масъулият ва ҳамжиҳатликка чақириқдир. Мен Қонунчилик палатаси депутати сифатида бундан кейин ҳам Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши изчил ва самарали сиёсатни таъминлайдиган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суришга ўз ҳиссамни қўшишда давом этаман.
Н.Рашидова
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси