26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни
Гиёҳвандлик воситалари ва бошқа психотроп дорилар кўплаб кишилар, айниқса, ёшларни боши берк кўчага олиб кирмоқда. Уни истеъмол қилганлар соғлиғидан айрилаётган бўлса, уни тарқатаётганлар эса қора панжаралар ортига кетмоқда.
Юнусободлик 28 ёшли аёл турмуши бузилганидан кейин ота уйига қайтаркан, нима иш билан шуғулланиш ҳақида бош қотиради. Шунда у Интернет орқали гиёҳвандлик воситалари тарқатувчиларга оид ботни кўриб қолади. Ваъда қилинаётган яхши даромад аёлнинг ақлини ўғирлайди.

– Фуқаро Я.Т. гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш орқали даромод топиш мақсадида ўзининг “Iphone 11” русумли телефон аппарати ёрдамида терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахс билан олдиндан тил бириктирган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьяси Зафар Латипов. – Телеграм мобил иловаси орқали бот юритувчиси билан мулоқотга киришиб, гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳри бўйлаб тарқатувчи шахс сифатида ёлланган. Ўзаро келишувга мувофиқ, Я.Т. терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахснинг электрон ҳамёнига 50 АҚШ доллари миқдорида пулларни гаров сифатида тўлаган ҳамда гиёҳвандлик воситасини кўрсатилган манзилдан қабул қилиб олиш, бот орқали Тошкент шаҳри бўйлаб юборилган манзилларга жойлаштириб чиқиш билан шуғуллана бошлаган. Иш ҳақи сифатида ҳар бир жойлаштирилган гиёҳвандлик воситаси учун 5 доллардан олиб келган.
Аёл бу ишга 24 ёшли, Юнусобод туманида яшовчи йигит М.Н.ни жалб қилган. Унга шаҳар бўйлаб атторлик буюмлари тарқатишини, бу ишда ҳақ эвазига автомашинаси билан хизмат кўрсатишини сўрайди.
Аввалдан таниш бўлган М.Н. бу ишга рози бўлади. Бироқ сал ўтмай аёлнинг маҳсулотлари йигитда шубҳа уйғотади. Шунда аёл нима иш билан шуғулланишини тан олади. Аввалига йигит бу иш нотўғри эканини, бу йўлдан қайтишини сўрайди. Аёл ҳам бошқа бу ишни қилмаслигини айтади. Аммо барибир жараён яна давом этади. Бора-бора йигит ҳам бунга парво қилмайди. Шу тариқа бир неча ой давом этган гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ҳаракатига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари нуқта қўяди.
Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Юнусобод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари рейд ўтказаётган вақтда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Тикланиш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳаракатланаётган “Matiz” русумли автомашина шубҳа уйғотганлиги сабабли тўхтатилган. Автомашина холислар иштирокида, видео тасвирга олинган ҳолда текширилган. Шунда ҳайдовчи ва автомашинада ўтирган аёлдан ўзларининг ёнида ноқонуний нарсалар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги сўралган. Шунда аёл қўрқиб кетиб, эгнидаги қора рангли спорт костюмининг чўнтагидан 9 дона кўк ва қора рангли изолентага ўралган пакетчаларни тақдим этган.
Я.Т.дан ушбу ашёлар нима эканлиги ва қандай мақсадда сақлаётгани сўралганда, у мазкур аниқланган ашёлар “метамфетамин” ва “героин” номли гиёҳвандлик воситалари эканлиги, уларни тарқатиш мақсадида олиб юрганлигини маълум қилган.
Бундан ташқари, шу маҳалладаги Хўжаобод кўчасидаги уйлардан бирининг тарновига ўзи қўйиб кетган 1 дона “метамфетамин” воситасини ҳам тақдим этган.
Терговга қадар текширув жараёнида Я.Т. ўзининг ихтиёри билан яшаш манзили, яъни Юнусобод тумани “Шоштепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонида келгусида тарқатиш мақсадида гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келганлигини айтиб, уларни ҳам ўз ихтиёри билан тақдим этган. Булар 50 дона пакетчага ўралган гиёҳванд воситаларини ташкил этган.
Суд кимёвий экспертизасининг хулосасида тезкор тадбирда олинган воситалар таркибида “диацетилморфин” воситаси мавжудлиги ҳамда “метамфетамин” борлиги баён этилган.
Я.Т.дан олинган воситалар “героин” деб аталиши, умумий оғирлиги 21,39 граммни ташкил этиши маълум бўлган. “Метамфетамин” воситаси эса 0,28 граммни ташкил этган.
Мазкур икки модда Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек, уларнинг муомалада бўлиш юзасидан назоратини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида гиёҳванд воситаси эканлиги назарда тутилган.
Суд ҳайъати судланувчи Я.Т.га нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмишнинг сабаби, айбига тўлиқ иқрорлиги, аёллиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, жиноий қилмиш содир этгандан кейинги хулқ атвори, қарамоғида вояга етмаган синглиси борлиги, моддий аҳволи оғирлиги, шахсий, оилавий шароитлар оқибатида жиноий қилмиш содир этиш йўлига киргани, гиёҳвандлик воситасини тарқатувчи сифатида ёлланганидан сўнг, ушбу жиноий қилмишга ёлланган шахснинг аҳволи борасидаги жараёнларни батафсил ёритиб бергани, терговга қадар текширув жараёнида жиноятни очиш учун фаол ёрдам бергани, гиёҳвандлик воситаларини ихтиёрий тарзда тақдим этгани жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этди.
Жиноий қилмишни аёл бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб содир этганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилди.
Суд Жиноят кодексининг 50-моддасидаги аёлларга нисбатан ҳамда тамом бўлмаган жиноятлар учун жазо тайинлаш қоидаларидан келиб чиқиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда жазо тайинлашни ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттиришни лозим, деб топди.
Судланувчи М.Н.га нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмишнинг сабаби, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаган, жиноий қилмиш содир этгандан кейинги хулқ атвори, оилавий аҳволи, ёшлиги, ҳали оила қуришга ҳам улгурмагани, Я.Т. билан ўрталаридаги муносабат жиноят содир этиш йўлига бошлагани жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этилди.
Жиноий қилмишни бу йигит ҳам бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб содир этганни жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилди.
Суд унинг жиноий қилмиш содир этишдаги роли ва вазифасини инобатга олиб, айбли деб топилаётган моддаси билан Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаган ҳолда жазо тайинлашни ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттиришни лозим, деб топди.
Айтиб ўтиш керакки, ашёвий далил сифатида эътироф этилган “Matiz” русумли автомашина дастлабки тергов жараёнида қонуний эгасига қайтарилган.
Шу тариқа, Я.Т.га суд 8 йил, М.Н.га эса 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Бу воқеа гиёҳвандлик йўлига кираётганлар учун сабоқ бўлса, ажаб эмас. Зотан, аёлда ҳам, йигитда ҳам ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиш, келгуси ҳаётини муносиб йўлга қўйишга имконият бор эди. Минг афсуски, улар тўғри йўлни эмас, эгри йўлни танлади. Эгри йўлнинг охири эса доим мавҳум ёки юқоридаги каби қамоқдир.
Норгул Абдураимова, ЎзА