Жорий йилнинг 29 июнь куни Фарғона вилояти ИИБ ҳамда Марғилон шаҳар ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2024” тадбирида кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддаси фош этилди. 1971 йилда туғилган, “Туягум” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.К.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Маълум бўлишича, у хонадонидаги экин майдонида 13 туп марихуана гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, А.К. 10 дона 3 литрли идишда 12 кг 537 гр кўкнори бошоқларини, 2 дона 3 литрли идишда 2 кг 570 гр марихуана моддасини, оқ полиэтилен пакетда 41 гр гашиш гиёҳвандлик моддасини ҳамда оқ полиэтилен қопда 22 кг 550 гр кўкнори сомонини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Жами олинган гиёҳванд моддалар миқдори 37 килограммдан зиёдни ташкил қилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири