Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов Наманган вилоятида бўлиб, фермерлар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашди. Хусусан, Поп туманида яқинда иш бошлаган "Zamin Gren - World" жамиятининг замонавий иссиқхона фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур замонавий иссиқхона 8 гектар ер майдонида ташкил қилинган бўлиб, лойиҳа қиймати 62,9 млрд. сўмни ташкил қилади. Гидропоника усулида ташкил қилинган иссиқхонада парваришланаётган помидорнинг гектаридан 250 тоннадан маҳсулот етиштирилиши кўзда тутилган. Шунда иссиқхонанинг жами йиллик қуввати 3500 тоннани ёки 10,5 миллион долларни ташкил этади.
Етиштирилган маҳсулотнинг 100 фоизи Россия ва Европа давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилган. Ҳозирда ушбу корхонада 100 нафарга яқин доимий, 100 нафари мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда.
А. Хаитов мазкур кластер тармоғида ташкил қилинган чорвачилик комплексида бажарилаётган ишлар билан ҳам танишди. Бу ерда ҳозирда Франция давлатидан олиб келинган 155 бош наслли қорамоллар парваришланмоқда. Корхона йилига 17,5 миллиард сўмлик сут ва 650 миллиард сўмлик гўшт маҳсулотини маҳаллий бозорга йўналтирмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси мулоқот давомида иссиқхоначилик ва чорвачиликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар, берилган имтиёзлар ва имкониятлар ҳақида сўзлаб, экспортни кенгайтириш борасида ўз таклифларини билдирди.
ЎзА