Гидрометеорология соҳасидаги илк қонун
Бугун Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг қатор йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида кўрилиши режалаштирилган масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинди.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлиси кун тартибида кўрилиши режалаштирилаётган масалалар билан таништирди. Хусусан, юқорида қайд этилган қонунлар атроф-муҳит ва экология масалаларига доир муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири сифатида муҳокама этилишини таъкидлади.
“Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқиш жараёнида қайд этилганидек, ҳужжат билан атроф табиий муҳит ифлосланишининг мониторинги, гидрометеорологик ахборот, ҳодисалар, жараёнлар, гидрометеорология фаолияти каби асосий тушунчалар белгиланмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар ҳамда ундан фойдаланувчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, гидрометеорология фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби, уни молиялаштириш, ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорлик, гидрометеорология фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик ва бошқа бир қатор нормалар кўзда тутилган.
— Гидрометеорология соҳасида қонун мавжуд эмас эди, “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонун ушбу соҳадаги илк қонун ҳисобланади, — дейди “Ўзгидромет” бош директори Шерзод Ҳабибуллаев.
— Авваллари ушбу соҳа тегишли норматив ҳужжатлар билан тартибга солинарди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши аграр, энергетика, қуролли кучлар соҳасида керакли бўлган гидрометеорологик маълумотларни олиш, йиғиш, тарқатиш, тегишли вазирлик ва идораларга бериш бўйича муайян ишлар амалга оширилишини таъминлайди. Қонунда молиявий ҳолатлар, соҳанинг объектлари ва субъектлари ўз аксини топмоқда. Шунингдек, қонун аҳолига аниқ ва ишончли гидрометереологик маълумотларни тақдим этилишининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, мазкур қонун гидрометеорология фаолияти ҳамда кузатувлар ўтказиш ва маълумотларга ишлов беришнинг илмий услубларини янада такомиллаштириш, соҳадаги минтақавий ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, инновацион технологияларни жорий этишга хизмат қилади.
Мутахассислар, экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, соҳа масъулларига саволлар билан мурожаат қилди.
Атмосферанинг бузилиши, чанг ва қум бўрони, дўл ва бевақт қор ёғиши қишлоқ хўжалиги соҳасига катта зарар етказади. Бу борадаги олдиндан аниқланган ишончли маълумотлар эса турли кўнгилсизликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бунда соҳани рақамлаштириш, зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш муҳим масалалардандир. Гидрометеорология соҳасини рақамлаштириш 80 фоизга етгани алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс ва “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўсимликлар карантини объектлари ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария (талаблари чоралари) ҳамда бошқа қоидаларни бузиш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгилаш киритилади.
Шунингдек, қонун билан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича махсус ваколатли давлат орган эканлигини белгиланади. Бундан ташқари, ушбу агентликнинг ваколатларини кенгайтириш, ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг масъулиятини ошириш назарда тутилган.
Қонун билан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати тизимига Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг туман (шаҳар) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимлари, Республика агрокимёвий таҳлил маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматлари, “Биосифат” республика маркази, ўсимликлар карантини бўйича ташқи иқтисодий фаолият чегара пунктлари, ўсимликлар карантини бўйича давлатлараро чегара пунктлари каби тузилмаларни қўшиш белгиланмоқда.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши фитосанитар хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА