Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Термизда
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Германия Федератив Республикасининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Яспер Вик бошчилигидаги Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Алис Волькен ва унинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Михаль Виммер ҳамда Германия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги департамент директори Гелмут Фишер, Германия Ташқи ишлар вазирлиги департамент директори ўринбосари Катерина Мехдан иборат делегацияни қабул қилди.
Учрашувда вилоят ҳокими меҳмонларга воҳанинг иқтисодий, ижтимоий, географик имкониятлари ҳамда ўзига хос инвестициявий хусусиятлари тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Ўзаро мулоқот чоғида икки томонлама алоқаларни янги босқичга кўтариш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, таълим, тиббиёт ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Сурхондарё вилояти билан германиялик ишбилармонлар доирасининг ўзаро ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили Сурхондарё вилоятида Германия билан ҳамкорликда ташкил этилган 4 та хорижий ва қўшма корхонага 4 миллион 500 минг доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди. Вилоятнинг Германия билан ташқи савдо айланмаси 6 миллион долларни ташкил этди. Йил давомида Германияга қарийб 285 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жанубдаги воҳага 5 миллион 646 минг долларлик маҳсулот импорт қилинган.

Германияга асосан мева-сабзавот, калава ип, хизматлар, асбоб-ускуна ва уларнинг эҳтиёт қисмлари етказиб берилган. Жанубдаги вилоятга саноатнинг турли йўналишлари учун замонавий технологик жиҳозлар, қора мол ва уруғлик олиб келинган.
Самимий ўтган мулоқотда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқарорларини ўқитиш таълим марказида қўшни мамлакат фуқароларининг таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши юзасидан фикр алмашилиб, тегишли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама этилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти, “Дўстлик” кўприги, “Барқарор хаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти, Афғонистон фуқарорларини ўқитиш таълим маркази ва Термиз археология музейи билан ҳам яқиндан танишди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев иштирок этди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири