Германияда Ўзбек тили ҳафталиги ўтказилди
Германиянинг Берлин шаҳридаги Гумбольдт университетида “Ўзбек тили ҳафталиги” ўтказилди. Ҳафталикда Германиядаги Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Ўзбекистондан ташриф буюрган адабиётшунос ва таржимон, тилшунос профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Шу билан бирга, Гумбольдт университети Осиё ва Африкашунослик факультети Марказий Осиё бўлими профессор-ўқитувчилари, ўзбек тилини ўрганаётган хорижлик талабалар, шунингдек, тилшунос ва адабиётшунослардан иборат она тилимизнинг жонкуярлари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Гумбольдт университети Марказий Осиё бўлими раҳбари, профессор Макс Штефан-Эммрих, ўзбек тили ўқитувчиси доктор Айфер Дурду хоним ўзбек тилини ўрганиш университетда анъанага айлангани, бу ерда нафақат ўзбек тилини, балки ўзбек маданияти, тарихи, урф-одатларини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.

Ўзбекистондан борган адабиётшунос ва маданият арбоблари томонидан турли мавзуларда чиқишлар, тақдимотлар қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси, адабиётшунос Хуршида Жалилова “Ўзбек жадидчилик адабиёти ва унда саёҳатнома жанрининг ўрни”, Самарқанд халқаро технология университети илмий бўлим бошлиғи, профессор Замира Ашурова “Ўзбекистонда туризмнинг ҳар жабҳада, жумладан маданий меросдан бошлаб, тиббий соҳада ҳам барқарорлашуви” мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида “Ўзбек тилини нега ўрганиш керак?” номли қизиқарли тақдимот ҳам қилинди. Тақдимотда ўзбек тили халқаро миқёсда ўрганилишининг асосий хусусиятлари сифатида олти тамойил тилга олинди. Хусусан, бугунги кунда ўзбек тилини ўрганиш дунё тиллари ичида туркий тиллар оиласига маснублиги жиҳатидан аҳамиятли экани, тилимизда дунё маданий меросининг намуналарини бевосита ўрганиш мумкинлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбирда ўзбек шоираси Фарида Афрўз шеъриятидан намуналар ўзбек тилида ва Ҳафиза Қўчқорова томонидан немис тилига қилинган таржималар ўқиб эшиттирилди.
Фарида Эгамбердиеванинг “Ўзбек тилини ўрганишда миллий қадриятлар шаклланишининг психологик омиллари” мавзусидаги маърузаси хориж талабаларининг ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқишларини янада оширди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети тадқиқотчиси Гулруҳ Элмуродова “Ўзбек тилшунослигида туризм матнларининг лингвомаданий жиҳатлари” номли маърузасида туризм соҳасидаги янги сўзларга доир кўникмалар шаклланиши борасида сўзлади.

Тадбир доирасида Гумбольдт университетида ўзбек тилидан сабоқ олаётган талабалар ўзбек замонавий шеъриятидан намуналар ўқиб берди. Уларнинг чиқишлари ўзбек адабиётшунослари томонидан юқори баҳоланди. Тадбир сўнгида ижро этилган миллий қўшиқ ва рақслар барчага хуш кайфият бағишлади.
Шунингдек, ўзбек олималари ушбу университетнинг Марказий Осиё бўлимига бадиий ва илмий китобларни совға қилди. Тадбир доирасида ўзбек миллий либослари кўргазмаси ташкил этилди.

ЎзА