Бугунги кунда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида, жумладан, Европанинг қатор давлатлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан дунёнинг ривожланган давлатлари ваколатли ташкилотлари, салоҳиятли иш берувчилари билан музокаралар ўтказилиб, амалий натижаларга эришилмоқда.
Масалан, Ўзбекистон фуқароларини Германияга вақтинча меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича 25 лойиҳа амалга ошириляпти. Ҳозирги кунда германиялик иш берувчилар немис тилини биладиган, муайян касб эгаллаган юртдошларимизни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, тиббий фаолият, юк автомобили ҳайдовчиси, парваришлаш, қурилиш, мехатроника каби йўналишлар бўйича ишга таклиф қиляпти. 2023 йил 500 га яқин одам Германияга жўнатилди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 250 нафардан зиёд фуқаромиз ушбу давлатга ишлаш учун кетди.
Бугун Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Германиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва ушбу давлатнинг салоҳиятли иш берувчи жамоалари иштирокида илк бор “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди. Тадбирда Германиянинг 10 дан зиёд ташкилоти электр устаси, пайвандчи, дурадгор, авточилангар, меҳмонхона ва ресторан хизматчиси, ахборот технологиялари мутахассиси, қишлоқ хўжалиги ишчиси, ҳамшира, парваришловчи йўналишларида бўш иш ўрни таклиф этди.
Меҳнат ярмаркасида немис тилини биладиган 18-40 ёш фуқаролар иштирок этди.
[gallery-17915]
Иш берувчи фирмалар қўйиладиган талаб, меҳнат муҳожирлари учун яратилган қулайлик ва шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.
– Бугунги ярмаркада тиббиёт ва кексаларни парваришлаш бўйича мутахассисларни тўплаяпмиз, – деди “Residenz Schloss Stetten GmbH” раҳбари Ван Стеттен. – Ишчиларни бир неча дастур орқали қабул қиламиз. Асосий шарт – немис тилини билиш. Агар ишлаш истагидаги инсонларда касб кўникмаси етарли бўлмаса, уларни ўқитамиз. Номзодлар ҳам ишлайди, ҳам ўқийди ва малакали мутахассис бўлиб етишади. Айни пайт қарияларни парвариш қиладиган тиббий ходимларга талаб юқори.
Германиянинг “Technoconsult” ва “CBZ Munchen GmbH” марказлари билан ҳамкорликда Наманган, Фарғона, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган курсларда ҳам немис тили ўргатиляпти.
Сурхондарёлик Нуршод Абдуллаев 4 ойдан бери Германияда ишлаяпти. У тадбир қатнашчиларига Германияда ишчиларга яратилган шароит ҳақида сўзлаб берди.
– Мактабни тамомлаб, немис тилини ўргандим, – дейди Нуршод. – Тилни чуқур ўзлаштириш ва тиббиёт соҳасида етук мутахассис бўлиб етишишни мақсад қилганман. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида кўнгилли бўлиб ишлаш ва ўқиш учун Германияга кетдим. Тўрт ойдан буён қариялар уйида ишлаяпман. Бизга ишлаш, яшаш, энг асосийси ўқиш учун барча шароит яратилган. Ниятим – юртимизга олий тоифали шифокор сифатида қайтиб келиш.
19-20 июнь кунларига белгиланган меҳнат ярмаркаси доирасида тўғридан-тўғри танловлар ҳам ўтказилмоқда.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА