Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида Фридрих Эберт жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Кристоф Мор билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашди, шунингдек, СМТИ ва Эберт жамғармаси ўртасидаги 2021 йилга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.
Кристоф Мор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, “Германия ҳукумати ва ишбилармон доираларида Ўзбекистоннинг ҳозирги қиёфасини тубдан ўзгарартираётган, илгари мисли кўрилмаган ислоҳотларига катта қизиқиш мавжуд”. Шу билан бирга, эксперт таъкидлаганидек, шу йил 12 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия канцлери Ангела Меркельнинг онлайн саммити ўзбек-герман ҳамкорлигининг асосий йўналишларига янги туртки берди.
Шунингдек, К.Мор Ўзбекистон Европа Иттифоқи томонидан “ГСП+” мақоми берилишига лойиқлигига алоҳида тўхталиб, бу, шубҳасиз, Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган Ўзбекистон сиёсати ва ислоҳотларининг юқори баҳоси ва қўллаб-қувватланиши сифатида қаралиши мумкинлини қайд этди.
Учрашув иштирокчилари, Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган ижобий тенденцияларга эътибор қаратишди. Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш ва чегараларни кесиб ўтиш масалалари ҳал этилаётгани таъкидланди. Ривожланаётган ушбу тенденция минтақавий мамлакатларнинг савдо-иқтисодиёт доирасидаги ўзаро ҳамкорлигига самарали ҳисса қўшади, минтақа учун иқтисодий фаровонликнинг асосий омилларидан бўлган истиқболли транспорт-логистика лойиҳаларини янада ривожланитириш ва амалга оширишга имкон беради.
Томонлар СМТИ ва Фридрих Эберт жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга ҳам алоҳида эътибор беришди. Ўзаро манфаатли ҳисобланган кўплаб масалалар бўйича икки томонлама самарали ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдирилди. Ўтказилаётган қўшма тадбирлар мамлакатда ислоҳотлар ва ўзгаришларни амалга оширишга, шунингдек, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши таъкидланди.
Учрашув натижасида томонлар яқин келажакда қўшма тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
ЎзА