Кеча Сўл партия депутати Сансин Кўктурк “Фаластин” ёзуви туширилган кийимда келгани учун Германия парламенти ялпи мажлисидан чиқариб юборилди. Бу қарор парламент раҳбариятининг сиёсий баёноти сифатида баҳоланди.
Бундестаг президенти Юлия Клокнер депутатларга палатада кийим ёрдамида сиёсий қарашни ифодалашга йўл қўйилмаслигини эслатди, деб ёзган "Euronews".
Кўктурк парламентда биринчи марта эътиборни тортаётгани йўқ. Депутат сифатидаги илк кунидаёқ у Бундестагда фаластинликларга хос шарф кийган ҳолда пайдо бўлган. Кейинчалик ноиб воқеага шундай изоҳ берган:
– ГФР Исроилга қурол етказиб беришда давом этяпти. 50 000 дан кўп қурбон ва жабрдийда болалар ҳақида бир оғиз сўз ҳам йўқ. Клокнер хоним мендан йиғилиш жойини тарк этишимни сўради, чунки кўйлагимда “Фаластин” ёзуви бор эди. Аслида, ҳаммангиз муваффақиятсизликка учрагансиз.
Бундестагда кийиниш бўйича тегишли тартиб бўлмаса-да, қоида депутатлар “обрўсига мос” кийинишини тақозо этади. Стандарт бажарилишини назорат қилиш сессия раисининг ихтиёрида.
Мусулмон Зиё, ЎзА