Германия аҳолиси АfD партиясига тобора кўпроқ ишонмоқда
Германиянинг DW нашри хабар беришича, ҳукумат ишидан норозилик кучайиб боряпти. Партиялар рейтинги, Украина, Россия, миграция ва иқтисодиётга муносабат масалалари мамлакатда ишонч билан боғлиқ чуқур инқирозни юзага чиқармоқда.
Сентябрь ойида ўтказилган “ARD-Deutschlandtrend” сўровига кўра, ҳукмрон коалиция фуқаролар томонидан кучли ишончсизликка дуч келган. Аҳолининг бешдан тўрт қисми федерал ҳукумат ишидан норози. Ўта ўнг "Германия учун муқобил" партияси (АfD) рейтингда етакчиликни сақлаб қолмоқда. Канцлер Фридрих Мерцнинг Христиан-демократик иттифоқи ва Христиан-ижтимоий иттифоқ (ХДИ/ХИИ) бирлашувидан ташкил топган блокдан сезиларли даражада олдинда.
Агар Бундестаг сайлови бугун бўлиб ўтганда сайловчиларнинг 27 фоизи АfD учун овоз берган бўларди. Иттифоқдош партиялар эса 21 фоиз билан чекланарди. Шу кунларда "Иттифоқ 90/Яшиллар" партиясини 15 фоиз, Германия Социал-демократик партиясини 13 фоиз, Сўл партияни 12 фоиз, Эркин демократик партия эса 4 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлашга тайёр. Қолган партиялар биргаликда тахминан 8 фоиз овоз йиғиши мумкин. Ҳукумат фаолиятига жамоатчилик томонидан берилган баҳо кўрсаткичи айниқса ташвишли кўриняпти. Сўровда қатнашганларнинг атиги 15 фоизи Вазирлар Маҳкамаси фаолиятидан қониқиши билдирган, 84 фоизи норозилик изҳор қилган.
Россия билан боғлиқ асосий ташқи сиёсий омил партиялар аро фоизлардаги бундай тебранишнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда.
РФ – Украина уруши мавзуси Германиядаги ижтимоий кайфиятни белгилашда муҳим ўрин эгаллаган. Тадқиқот кўрсатадики, немислар ҳамон русларни мамлакат хавфсизлиги учун жиддий таҳдид деб билади. Бинобарин, бу хатарга айнан қандай муносабат билдириш лозимлиги борасидаги фикрлар бир хил эмас.
Бугунги кунда Германия хавфсизлигига Россия томонидан қанчалик таҳдид солинаётгани ҳақидаги саволга респондентларнинг 67 фоизи кучли ёки жуда кучли, деб ҳисоблашини айтган. Шу билан бирга баҳо сиёсий афзалликка қараб сезиларли даражада фарқ қилади. "Яшиллар"нинг 73 фоизи Россия томонидан кучли ёки жуда кучли таҳдид бор, деб билади. Худди шундай фикр ХДИ/ХИИ блогини қўллаб-қувватлайдиганларнинг 73 фоизи ва ГСДП сайловчиларининг 69 фоизига тегишли. Сўл партия тарафдорларининг 57 фоизи айни қарашни маъқуллайди.
АfD электорати натижаси нисбати анчайин тафовутли. Партия тарафдорларининг атиги 29 фоизи Россиянинг Германияга таҳдидини ҳис этади, аксари бу фикрга қарши.
Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш масаласида ҳам жиддий келишмовчилик сақланиб турибди. Тадқиқотга кўра, аҳолининг 42 фоизи Киевга немис қуроли етказиб берилиши масаласи жуда чуқурлашиб кетган, деб ҳисоблайди. 38 фоиз одам ҳозирги қўллаб-қувватлаш даражаси етарли эканини таъкидлаган. Сўралганларнинг 14 фоизи ёрдамни ошириш тарафдори.
Ҳудудлар ўртасидаги тафовут ҳам яққол сезилади. Шарқий Германияда респондентларнинг аксари Украинага ҳарбий ёрдам ҳаддан ошиб кетган, дейди. Ғарбий федерал ерларда 40 фоиз киши шундай фикрда. Ғарбда ҳозирги қўллаб-қувватлов асосли ёки етарли эмас, деб ҳисобловчилар жуда кўп.
"Яшиллар" Украина қўллаб-қувватланишини энг кўп маъқуллайди: уларнинг 35 фоизи Германия Киевга етарли ёрдам бермаяпти, дейди. 57 фоиз ҳозирги даражани етарли деган. АfD ичида аксинча: 86 фоиз ҳарбий ёрдам меъёрдан ортиқлигига эътибор қаратган, атиги 7 фоиз айни вазиятни оқлаган.
Иқтисодиёт сайловчилар учун асосий муаммо бўлиб қолмоқда
Иқтисодиётнинг аҳволи қониқарсиз баҳоланмоқда. Фуқароларнинг 79 фоизи ГФР иқтисодий вазияти ёмон ёки ёмонроқ, фақат 20 фоизи яхши дейди. Айнан иқтисодиёт, саноат сиёсати ва иш ўринларини сақлаб қолиш бугунги кунда немис сайловчилари учун энг нозик мавзуларга айланган.
Тадқиқотчилар Германия иқтисодиёти рамзи бўлиб қолаётган автомобиль саноатига алоҳида эътибор қаратади. Сўровда қатнашганларнинг 91 фоизи учун автосаноат мамлакат келажаги учун муҳим ёки жуда муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этган. 73 фоизи одам немис концернлари электромобиль ва бошқа муқобил технологияни ривожлантиришда вақтни бой берди, деб ўйлайди.
Иқтисодий кун тартиби муҳимлигини партиявий ваколатлилик масаласи ҳам тасдиқлайди. Немислар фақат АfD иқтисодиётни инқироздан олиб чиқишига ишонади: респондентларнинг 31 фоизи шу фикрда. Бу борада ХДИ/ХИИ 24, ГСДП 20 фоиз натижага эга.
Яна бир муҳим мавзу – миграция сиёсати. Қайси партия бошпана ва миграция муаммосини яхши ҳал қилиши тўғрисидаги саволга ҳам ижобий жавобни ҳам АfD 43 фоиз натижа билан биринчи ўринда берган. ХДИ/ХИИ 26 фоиз тўплаган, қолган партиялар сезиларли даражада суст.
Тадқиқот ARD ижтимоий-ҳуқуқий телерадиокомпанияси буюртмасига биноан “Infratest dimap” институти томонидан 31 август-2 сентябрь оралиғида ўтказилди. Сўровномада овоз бериш ҳуқуқига эга 1319 фуқаро иштирок этди. Умумий статистика номувофиқлиги 2-3 фоиз сифатида баҳоланган.
Абдуғафур Маматов,
ЎзА