Байден Путин билан гаплашишга тайёрлигини билдирди
АҚШ Президенти Жо Байден таъкидлашича, у Россия етакчиси Владимир Путин билан музокара ўтказишга тайёр, бироқ ҳозир суҳбатлашишга етарли асос йўқ.
– Путин билан гаплашиш учун ҳозирча менда етарли сабаб йўқ, – деди у НАТО саммитидан кейин уюштирилган матбуот анжуманида. – Бинобарин, дунёнинг ҳар қандай давлати етакчиси билан гаплашишга тайёрман.
Унинг таъкидлашича, сўнгги бор Путин билан коинотда ядро қуролини назорат қилиш бўйича шартнома доирасида суҳбатлашган. Ўшанда музокара узоқ чўзилмаган.
Эрдоған: Истанбул 2026 йил НАТО саммитига мезбонлик қилиши мумкин
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған баёнот беришича, НАТОнинг 2026 йилдаги саммити Истанбулда бўлишидан умидвор. Табиийки, ҳали бу ҳақда якуний қарор қабул қилингани йўқ. Фақат Вашингтонда якунланган НАТО саммитида қабул қилинган декларацияда ташкилотнинг ҳар йилги олий даражадаги учрашувига 2026 йил Туркия мезбонлик қилиши қайд этилган.
Европа Хитойга инвестицияни камайтирмоқчи
Жо Байден Вашингтоннинг Европадаги қатор иттифоқчилари Хитойга инвестиция киритишни қисқартиришга тайёрлигини айтди. Бунга Чин мамлакатининг Россия билан иқтисодий ҳамкорлиги давом этаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
БМТ Россияни Запорожье АЭСдан ҳарбийларини олиб чиқишга чақирди
БМТ Бош Ассамблеяси Россия ҳарбийларини Запорожье атом электр станциясидан олиб чиқиш, объектни Украина назоратига топшириш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади. РФ ушбу ҳужжат қабул қилинишини сиёсийлаштирилган ва ғарб давлатлари манфаатига хизмат қилувчи ҳаракат, дея баёҳолади.
“РИА Новости” ёзишича, 99 овоз билан қабул қилинган резолюцияга тўққиз мамлакат қарши овоз берган. 60 киши бетараф қолган. Дарвоқе, Хавфсизлик Кенгаши резолюциясидан фарқли ўлароқ, Бош Ассамблея қабул қилган резолюция юридик кучга эга эмас.
Туркия ШҲТга аъзо бўлмоқчи
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқаранинг мақсади Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш эканини билдирди.
“TRT Haber” канали намойиш қилиб борган матбуот анжуманида Туркия етакчиси жумладан шундай деган:
– Мақсадимиз кузатувчилик эмас, балки доимий аъзо мақомига эришиш. Ушбу масала яқинда бўлиб ўтган Остона саммитида муҳокама қилинди. Ҳамкорлардан бизни қўллаб-қувватлашларини сўрадик.
Яқинда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Анқаранинг БРИКСга аъзо бўлиш истаги ҳақида гапирганди
Европа катта урушга тайёрланмоқда(ми?)
Европа Иттифоқи электромобилларга солинган бож сабаб Хитой билан кенг кўламли савдо урушига тайёрланмоқда. Бу жараёнда халқаро давлат харидига нисбатан кескин чора кўриш механизми қўлланиши мумкин.
“Economist” журнали ёзишича, июль ойи бошида Европа Комиссияси Хитой электромобилларига бож миқдорини оширди. Кейинроқ Пекин бу ҳақда Жаҳон савдо ташкилотига арз қилиш режалаштирилаётганини маълум қилиб, жавоб чоралари қўллашини билдирди.
– Европа жиддий савдо урушига тайёрланмоқда, – дейилган нашр эълон қилган мақолада. – Можаро ҳали давом этиши, айни жараёнда ЕИ “янги қуроллари”ни ишга солиши мумкин.
Журналистлар таъкидлашича, ЕИ қўллайдиган чоралардан бири халқаро харид механизми бўлиши мумкин. Агар Хитой Брюссель талабини бажармаса, ЕИ Хитой компанияларининг кўҳна қитъа давлатлари тендерларидаги иштирокини чеклаб қўйиши мумкин.
Хитой Тожикистонда ҳарбий база қураётгани ҳақидаги хабарни рад этди
– Сизлар эсга солган вазиятдан бехабарман, – деди ХХР ТИВ вакили Линь Цзянь матбуот анжуманида Хитой Тожикистонда махфий ҳарбий база қураётгани ҳақида тарқалган хабарни шарҳлар экан. – Ишонч билан айтишим мумкинки, Хитой ҳар доим тинчликка қаратилган мустақил ташқи сиёсат олиб боради ва Марказий Осиёда ҳеч қандай ҳарбий базага эга эмас.
Тожикистон Мудофаа вазирлиги ҳам мамлакат ҳудудидаги Хитой ҳарбий базаси ҳақида эшитмаганини таъкидлади, деб хабар тарқатди “РИА Новости” мудофаа идораси манбаларига таяниб.
Бир неч кун олдин “The Telegraph” нашри Хитой Афғонистон томонидан таҳдид мавжудлиги туфайли сўнгги 10 йил давомида Тожикистонда махфий ҳарбий база қураётганини ёзганди.
Байден Туркияга F-16 қирувчи самолётлари етказиб берилиши масаласини ҳал қилишга ваъда берди
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған маълум қилишича, америкалик ҳамкасби Жо Байден Туркияга F-16 қирувчи самолётлари етказиб бериш масаласини 3-4 ҳафтада ҳал қилишга ваъда берган.
– Жаноб Байден билан кеча ҳам, бугун ҳам гаплашдик, – деди Туркия етакчиси Вашингтонда уюштирилган матбуот анжуманида. – У муаммо 3-4 ҳафтада ҳал бўлишини маълум қилди. Туркияга қайтаётганимда ушбу масалани яна бир бор эслатдим. Эҳтиёт қисмлар масаласини ҳам муҳокама қилдик.
Туркияга берилиши кўзда тутилаётган қирувчи самолётларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас. Маҳаллий матбуот мамлакат АҚШдан 40 та янги “F-16 Block70” самолёти ҳамда ўзидаги 79 самолётни модернизациялаш учун эҳтиёт қисм сўраган. Буюртма кўплиги сабаб етказиб бериш 2028 йилгача чўзилиши мумкинлиги қўшимча қилинган.
С.Раҳимов, ЎзА