Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
ЎзА мухбири мазкур қонуннинг аҳамияти, муҳокамалар жараёнида эътиборга олинаётган асосий камчиликлар хусусида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ахборот хизмати раҳбари Феруз Жўраев билан суҳбатлашди.
— Аввало, географик кўрсаткич бу муайян географик ҳудудда етиштирилган маҳсулотни ўзида ифодалаган ҳамда ҳудуд хусусиятлари, ўзига хосликларини акс эттирган тушунчадир, – деди Ф.Жўраев. – Мисол учун, «Рокфор» географик кўрсаткичи фақат Франциянинг маълум бир вилоятида ишлаб чиқарилган пишлоқ учун ишора қилади ва унинг ҳудудий мансублигидан келиб чиқиб, ўзига хос таъмини англатади.
Қонун лойиҳасининг аҳамияти шундаки, интеллектуал мулк объекти сифатида географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш орқали юртимиз қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини янада оммалаштириш, минтақавий брендларни ривожлантириш, "географик кўрсаткич"лар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ўзбекистон иқлим шароити, географик жойлашуви ва бой тарихий анъаналари туфайли Марказий Осиё минтақасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи етакчи мамлакат ҳисобланади. Шу боис юртимизнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт бозорларида анча машҳур. Бироқ маҳсулотларнинг ҳудудий келиб чиқиш жойи, яъни географик кўрсаткичи белгиланмаганлиги сабабли чет эллик харидорларда маҳсулот ҳақида аниқ тасаввур ҳосил бўлишини қийинлаштиради.
– Яқинда Украина Европанинг географик кўрсаткичлар реестрига бир қатор маҳсулотлари номлари, жумладан, Херсон тарвузи, Карпаторти асали каби маҳсулотларни киритмоқчи эканлигини ўқиб қолдим. Бизда ҳам бу йўналишда ишлар олиб бориладими?
— Географик кўрсаткичлар хоҳ у Швейцариянинг грюер ёки Мексика текиласи бўлсин, улар ҳудуд анъаналари, урф-одатини ўзида акс эттиради. Улар нафақат компанияларга ўз маҳсулотларининг географик ноёб хусусиятларидан фойдаланиш имконини беради, балки истеъмолчиларни маҳсулот ўзгача эканлиги ҳақида хабардор қилади ва эътиборини жалб қилади.
Жумладан, икки хил маҳсулот (оддий Хитой чойи ёки Цейлон чойи) ҳарид қилиш танлови турган бўлса, албатта, таниқли маҳсулотни танлашга ҳаракат қиласиз. Мазкур қонун лойиҳасининг белгиланган тартибда қабул қилиниши юртимизнинг барчага маълум ва машҳур бўлган "Бухоро зардўзи", "Марғилон атласи", "Мирзачўл қовунлари", "Самарқанд нони", "Олтиариқ узуми", "Бахмал олмалари", "Қува анори", "Жиззах сомсаси" ва шунга ўхшаш маҳсулотларимизни географик кўрсаткич сифатида эътироф этилишига замин яратиб, ҳудуднинг “ташриф қоғози”га айланади.
Қонун лойиҳасига биноан географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказган шахс, агар товар сифати, ном қозониши ёки бошқа хусусиятлари кўп жиҳатдан унинг географик келиб чиқишига боғлиқ бўлган товарни ишлаб чиқараётган бўлса, ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шуни таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳаси қабул қилиниши орқали маҳаллий тадбиркорлик субъектларимиз географик кўрсаткич билан белгиланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни муваффақиятли ривожлантириши мумкин.
Хитойнинг Пекин шаҳридан шимолда жойлашган Пингу вилояти дунёдаги энг йирик шафтоли фермаси сифатида танилган, унда 150 мингдан ортиқ киши ишлайди ва Пингу шафтолилари жуда машҳур. Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашувини инобатга олган ҳолда фақат Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари учун хос бўлган маҳсулотларни (иқлим, тупроқ ва фойдаланиш хусусиятлари) ташқи бозорларда янада харидоргир бўлиши учун индивидуаллаштириш муҳимдир.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллий маҳсулотлар, республикамиз вилоятлари таниқлилигининг янада ошишига хизмат қилади. Ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, “Риштон кулолчилиги”, “Марғилон адраси”, “Олтиариқ узуми”, “Қува анори”, “Бешариқ”, “Самарқанд қоғози”, "Шаҳрисабз", "Муборак," "Касби", "Чироқчи" каби жой номлари жаҳонда баралла янграйди, юртимиздаги жой номлари билан боғлиқ товар ва хизматлар оммалашади. Чунки Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида географик кўрсаткичлар сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин бўлган ноёб маҳсулотлар — “Чуст пичоғи”, “Бухоро гилами”, “Бахмал олмаси”, “Мирзачўл қовуни”, “Қашқадарё тандир гўшти”, “Паркент узуми”, “Қўқон гилоси” мавжуд.
– Айтайлик, географик кўрсаткичга эга маҳсулот ҳуқуқи бузилди, у қандай ҳимоя қилинади?
— Географик кўрсаткични белгилашдан мақсад, аслида маҳсулотнинг ўзгачалиги, бошқа ҳеч қаерда учрамаслигини ифодалашдан иборат. Демак, харидор Жиззах қовунини сотиб олаётанда уни ўзгача таъмга эгалигини инобатга олиб, харид қилади.
Жаҳонда узоқ тарихга эга географик кўрсаткичлар бўлиб, хусусан, Сицилия қизил апелсини, Грециянинг кефали икраси, булар Европа Иттифоқига кирувчи давлатлар томонидан ҳимояга эга. Жаҳонда географик белгиларни ҳимоя қилишнинг учта асосий усули мавжуд: sui generis, деб аталадиган тизимлар (яъни, махсус ҳимоя режимлари); жамоавий ёки сертификатлаш белгиларидан фойдаланиш; тижорат амалиётлари, жумладан, маҳсулотни сертификатлаш учун маъмурий тартиб-қоидалар орқали муҳофазалаш мумкин.
Умуман олганда, географик кўрсаткичлар турли мамлакатларда ва минтақавий тизимларда турли усуллар билан ҳимояланади, кўпинча юқоридаги икки ёки ундан ортиқ ёндашувларнинг комбинациясидан фойдаланади. Бу ёндашувлар турли ҳуқуқий анъаналар асосида аниқ тарихий ва иқтисодий шароитлар доирасида шаклланган.
Юртимизда қабул қилинаётган «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонун ҳам айнан ўзига хос ҳимоя тизими ҳисобланиб, унинг асосий мақсади ҳудудий озиқ-овқат маҳсулотлари нуфузини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш, ишлаб чиқарувчиларга асл маҳсулот учун муносиб ҳақ олишда кўмаклашиш, ноҳалол рақобатга барҳам бериш ва қалбаки ёки сифатсиз маҳсулотларни сотиш орқали истеъмолчиларни алдашга барҳам беришдан иборат.
Ўза мухбири Гулноза Бобоева суҳбатлашди.