“Генерал ва ёшлар учрашуви” ўтказилди
Янги Ўзбекистонда ёш авлодни баркамол инсонлар сифатида тарбиялаш, мустақил ҳаётга қадам қўйишлари учун барча шароитларни яратиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқдаки, бу ўз навбатида жонажон Ватанимизнинг ҳар жиҳатдан салоҳиятли, ватанпарвар, фидойи фарзандлари сафи йилдан йилга кенгайишини таъминламоқда.
Ўзбекистон Миллий университетида ана шу мақсадларга йўналтирилган “Генерал ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.


Унда Ўзбекистон Миллий университети ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази курсантлари иштирок этди.


Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Мажидов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бошлиғи генерал-майор Равшан Ҳайдаров мамлакатимизда ёшларнинг иқтидорларини намоён этиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳарбий касбнинг нуфузи ва масъулияти хусусида фикр билдирди.

Савол-жавобларга бой бўлган мулоқот давомида талаба-ёшларнинг, курсантларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Тадбир доирасида академия ва университет ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ташкилотчилар, фаол иштирокчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА