Пойтахтимиздаги “LIDER” бильярд клубида Мудофаа, Ички ишар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокротура тизимларида меҳнат қилган фахрийлар ўртасида “Аралаш пирамида – 2025” мусобақаси ўтказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларида меҳнат қилган фахрийлар ўртасидаги ушбу бильярд мусобақасида ғолиб ва совриндорлар икки тоифада – генераллар ва офицерлар йўналишида аниқланди.
[gallery-23150]
– Юртимизнинг мусаффо осмони ва халқимизнинг тинчлиги йўлида ўзининг фидойи меҳнатлари билан беминнат ва фидокорона хизмат қилган фахрийларимизни ардоқлаш, уларнинг спорт билан шуғулланишини таъминлаш ва соғлом турмуш тарзига жалб этишда бу каби мусобақаларнинг ўрни беқиёсдир, – дейди Ўзбекистон бильярд спорти федерацияси раиси Ўткир Комилов. – Барчага маълумки, кўплаб спорт турлари каби бильярд ҳам инсондан жисмоний куч, аниқлик ва хотиржамлик талаб этади. Юрак, нафас йўллари ва асаб тўқималари учун жуда фойдалидир. Муҳими, бу галги мусобақа ҳам кўтаринки ва дўстона руҳда ўтди.
Мусобақа якунларига кўра, генераллар ўртасидаги беллашувларда Генерал-майор Рустам Иминжонов (ДХХ) биринчи поғонадан жой олган бўлса, Генерал-лейтенант Юрий Агзамов (Мудофа вазирлиги) иккинчи бўлди. Кучли учликдан эса Генерал-майор Маҳмуд Ўтаганов (ДХХ) ва Генерал-полковник Қобил Бердиев (Мудофа вазирлиги) ўрин олди.
Офицерлар йўналишида подполковник Мутал Сафоев (ИИВ) олтин, Полковник Алишер Исаев (ИИВ) кумуш медали билан тақдирланди. ИИВ полковниклари Эркин Хуснутдинов ва Икром Мамадалиевлар эса бронза медалини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА