Генерал қозоқ аскарини “оддий аскар Араша” деб атарди
Фашизмга қарши курашда Ғалабанинг 75-йиллигига бағишланган тантаналар мамлакатимиз бўйлаб, камтарона бўлсада, ҳамма жойларда бўлиб ўтди.
Ғалабанинг 75-йиллигига бағишланади
Фашизмга қарши курашда Ғалабанинг 75-йиллигига бағишланган тантаналар мамлакатимиз бўйлаб, камтарона бўлсада, ҳамма жойларда бўлиб ўтди. Бу коронавирусдан касалланган беморлар ва вафот этганлар тўғрисидаги маълумотлар фронтдаги маълумотларга ўхшаб кетадиган вақтга тўғри келиб қолди. Уруш қаташчиларидан бирининг ўғли сифатида мен ҳам кекса авлод вакилларининг буюк жасоратини ёритишдек хайрли ишга ўз ҳисамни қўшишни ўз бурчим деб ҳисобладим.
Отам, Айнатдин Камалов, 1926 йилли Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилояти Орол тумани Куланда овулида туғилган. Дастлабки совет йилларида бобомиз қулоқ қилинган, унинг йилқилар уюри ва бошқа чорваларини тортиб олиб, ўзини ҳибсга олишган, фарзандлари эса, боқувчисиз ва яшаш воситаларисиз қолишган. Тез орада жуда оғир хасталаниб қолган бобомни қамоқдан озод қилишади, бироқ бобомнинг фақат уйгача етиб келиб, қадрдон гўшасида вафот этишга етадиган кучи қолган эди.
Шундай қилиб отам шу тарзда саккиз ёшида тўла етим қолади, чунки бобомнинг дардига куйиб, отамнинг онаси, очликдан – сингиллари вафот этадилар. Бобомнинг Амир исмли акаси саккиз ёшли болакайни ўз қарамоғига олади. Улар Бухорога кўчиб кетишади, у ерда Амир ота мадрасада таҳсил олган. Отам ўн беш ёшидан бошлаб колхозда меҳнат қила бошлаган, ўн саккиз ёшида эса, уни армияга чақиришади. 1944 йилда Бухоронинг Когон шаҳридан фронтга жўнаб кетади. Бундан сал илгарироқ, 1942 йилнинг декабрь ойида бобомиз Камолитдиннинг акасининг яккаю-ёлғиз ўғли сержант Амен Камаловга қорахат келган эди. У Қорақалпоғистон Республикасидан ҳарбий хизматга чақирилган, Псковский вилоятининг Великие Луки шаҳри остонасида ҳалок бўлган эди.
Отамнинг хотирлашича, 1944 йил декабрь ойида ҳарбий эшелон Когондан Қизил тепа томон силжиганида унинг вагонида бўлган 50 нафар аскардан 37 нафари қолган эди, 13 нафар аскар йўл давомида вагондан сакраб қолишган. Урушнинг дастлабки йилларида қочоқларни отиб ўлдиришган, урушнинг охирги йилларида уларга 10 йил қамоқ жазоси берилган. Урушдан қочиш ҳақидаги фикр отамнинг ҳатто ҳаёлига ҳам келмаганди, чунки у отасининг ҳалок бўлган акаси учун қасос олишни истарди.
Совет армияси турли миллат ва халқ вакилларидан иборат бўлгани боис, ирқчилик бўйича ҳар қандай камситиш ёки ҳақоратлашлар ўша пайтда, шавқатсизларча жазоланарди. Бир куни отам аскарлар қозонидан овқат олишга кечикиб келади. Ошпаз “Кет йўқол, қора тайлоқ!” деб уни ҳайдаб юборади.
Фронт штабидан келган генерал бу сўзларни эшитиб қолиб, шу онда тўппончани чиқаради ва ошпазни отиб ташлашга шайланади. Овулдан чиққан қозоқ аскари бу гапнинг маъносини, ҳатто генералнинг хизматдошини нима сабабдан отиб ташламоқчи эканини тушунмайди ҳам. У уларнинг орасига тушиб, она тилида: «Араша! Араша!» деб бақиради.
Бундан ҳайрон бўлган генарал атрофдаги офицерлардан биридан: “Лейтенант Мультенов! Ҳамқишлоғинг менга нима демоқчи?” деб сўрайди. У «Араша!» сўзи (“Тарқалинглар!” деган маънони билдиради) қозоқ халқи одатича, низолашган томонларни яраштиришда қўлланишини тушунтирганда, генерал жаҳлдан тушади. Тўппончани қинига солиб, ошпазга қарата: “Рангимиз ва миллатимиздан қатъи назар биз битта совет халқимиз! Ана шундагина биз фашистларни енгга оламиз. Бу қозоқни хафа қилма, у сени ҳимоя қилди” дейди.
Отам уруш ҳақида сўзлаб беришни ёқтирмас эди, бироқ биринчи ҳалок бўлган немис аскари бутун умрида унинг ёдида сақланиб қолган. У душманнинг қарши ҳужумини қайтариш чоғида фашистларнинг ўткир қуролларини четга суриб қўйишга улгуради, шунда вермахтнинг малла сочли аскари окопга сакраб тушади ва милтиқнинг найзасига санчилиб қолади. Ёш совет аскари бир муддат ўзини йўқотиб қўяди ва найзани душман баданидан чиқариб олар экан, бироз ҳаяллаб қолади. Душманнинг ортидан югуриб келган аскар отамга энди найзани санчаман деб турганида, орқасидан отилган автомат ўқидан ерга қулайди.
Шунда ёшгина лейтенант, рус йигити отамнинг юзига бир тарсаки тушириб: “Оғзингни очиб ўтирма аскар! Қимирласангчи! Йўқса, сени ўлдириб кетишадику!” дейди. Тарсакидан отам ўзига келади ва нима учун командир взводи йиғлаб юборганини кейин тушуниб етади. У рус тилида қийналиб, ундан хафа эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилади. Взводчи табассум қилганча, енгги билан кўз ёшларини артар экан, тилини тишлаганча шундай дейди: “Ҳали она сути оғзидан кетмаганлар, сизларни қаерларга ҳам юборишаяпти а?! Сиз ҳали яшашингиз керак, сизни эса, ярим взводга жойлаштириб ташлашган!”
Уруш охирида совет қўшинлари жуда шиддатли ҳаракат қилишди, баъзан аскарларнинг қуруқ паёк билан кун кечирган ҳолда жанг қилган пайтлари бўлган. Уларнинг устидан бомба ёғдирмасликлари учун кундузлари ухлаб, кечаси билан 100-120 км пиёда юрганлар. Ёш жангчилар кундузи ухламас эдилар, шу боис улар тунда юрган ҳолларида ухлаб борар ва йўлдаги симёғочларга бошларини уриб олганларидан уйғониб кетар эдилар. Ана шунда отамнинг хаёлига урушдан кейин ҳайдовчи бўлиш фикри келади.
Отам взвод командири унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ўзига хос усулини ўйлаб топганини хотирлайди. Бир куни қонли жанг олдидан у отамга батальон тиббиёт бўлимига етказиб бериш учун бир ҳужжат беради. Тиббиёт ходимларига майор мансабидаги бир аёл раҳбарлик қиларди. У конвертдаги хатни ўқигач, ҳамшираларни чақиртиради ва жангчини кўрикдан ўтказиш учун ечинишга мажбур қилади.
Оддий аскар Камалов хамширалардан уялганича, ечиниб, тиббий текширувдан ўтишга мажбур бўлади. Тиббий хизмат бошлиғи жиддий нигоҳлари остида бир нималарни ёзиб, унга конвертни топширади. У ўшанда ҳеч нарсани тушунмаган эди. Фақат уруш тугаганидан сўнггина тиббий қисмдаги ўша воқеанинг моҳиятини англаб етган эди.
Биринчи батальон душман окопларига биринчи бўлиб ҳужумга ўтган эди. Шу боис ҳам ушбу батальонда йўқотишлар сони энг кўп эди. Ёш взводчи аскарнинг шахсий карточкасини кўриб, жангчи оилада ёлғиз ўғил экани, бунинг устига етим ээканига эътибор қаратган эди.
Тақдир унинг ҳаётини жангда ҳалок бўлишидан сақлаб қолган эди. Масалан, Берлинга ҳужум қилишдан бироз олдин, отам оёғидан яраланади ва Ғалаба ҳақидаги хабарни ҳам госпиталда эшитади.
Эшелоннинг Ўзбекистонга етиб келиши ҳам отамнинг хотирасида яхши сақланган. Пойтахт вокзалида одамлар “Тошкент энг яхши ўғил-қизларини кутиб олади!” деган ёзувлар билан поездни кутиб олишга чиқишган эди. Отамни Фарғонадаги ҳарбий хизматдан сўнг Термиздаги ўқув бўлинмасига юборишади.
Бу ерда генерал-лейтенант Маршалков отамни ўқишга ва офицер бўлишга кўндиради. Оддий аскар Айнатдин Камалов унинг ҳайдовчиси эди, шу боис, у уни билим юртига юбормоқчи бўлган. Бироқ отам сўроқсиз қочиб кетади ва бунинг учун ҳарбий суд томонидан суд ҳам қилинади. Ўртага генерал тушиб, отамга қараб шундай деган: “Сенинг ҳамма гуноҳларингни кечираман. Ўртоқ Камалов, нима гап? Мен қозоқларни яхши кўраман. Мен сизларнинг афсонавий Бауржан Момишулиларингизга қўмондонлик қилганман. Хизматни ўта, Бауржанга ўхшагаан бўласан”. Аскар генералнинг гапларини эшитиб, унга: “Ватанга бўлган муҳаббат, ота уйидан бошланади. Оила қуриб, фарзандларимни тарбияламоқчиман”, - деб жавоб қайтаради.
“Хизматни ўтаб, офицер унвонини олиш ниятинг йўқлигини бошидан айтишинг, Совет армиясида хизмат қилишни ҳоҳламаслигингни ёзма равишда билдиришинг керак эди. Ахир халқимизнинг қанчадан қанча энг зўр ўғлонлари тинчлик йўлида жанг майдонларида ўлиб кетишди!”, - деб хўрсинади генерал ва қўлини силтаб: “Майли, Ватанга қайтиб, аскар бўлиб хизмат қилинг унда. Афсус, қозоқлар орасидан рус тилини биладиган ва урушда синалган офицерни етиштирмоқчи эдик. Сиз бўшсиз, бунга ҳали афсус қиласиз, бироқ ўшанда кеч бўлади”, - дейди.
Генералнинг сўзларига кўра, у қозоқларга нисбатан ҳурмати ўзгача бўлган, чунки Сталинград остонасидаги жангда ёш қозоқ аскари душман ҳужумидан яраланган пайтида уни жанг майдонидан олиб чиққан экан.
Отам олти йиллик муддатли ҳарбий хизматдан сўнг 1950 йил 10 мартда армиядан бўшатилади. 73-гвардия ўқчилар полкии иккинчи Украина фронти таркибида жанг қилган эди, отам Украинанинг Трускавец шаҳридаги курортда собиқ хизматдошини учратиб қолган. У номсиз тепалик учун кечган жангда яраланган эди. У отамдан: “Ўшанда биз ўша тепаликни қўлга олган эдикми, ёки ютқизганмидик?” деб сўрайди. Қўлга олдик, деган жавобни олгач, отамнинг елкасига қоқиб: “Қойил!” дейди.
Уруш хароб қилган иқтисодиётни тиклаш учун жуда кўп қўллар керак эди ва отам тез орада “Жарқўрғоннефть” нефть-газ қазиб олиш бошқармасига ҳайдовчи бўлиб ишга жойлашади. У нефтчиларни Жарқўрғондан аввал Ҳавдак, кейинчалик мен туғилган Лалмикор посёлкасига олиб бориб қўярди. Жарқўрғондаги қурилиш конструкциялари комбинатидан нафақага чиққан.
Отам Сурхандарё вилоятининг бўз ерлари, Қизириқ ва Бандихонда айнан унинг комбинатида тайёрланган бетон блоклардан кўплаб коттеджлар қурилганидан фахрланарди. 2007 йил 8 декабрда отам вафот этди.
Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда пойтахтимизда “Ғалаба боғи” бунёд этилди. Бу фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75-йиллигига ажойиб туҳфа бўлди. Архив маълумотлари фош бўлди, унга кўра, Ўзбекистондан урушга олдин ҳисоблангандан кўра кўпроқ аскар ва офицерлар жангга кетишган. Тошкентга “ Фронт орқасидаги қаҳрамон шаҳар” деган фахрий унвоннинг берилиши бежиз эмас, зеро эвакуация қилинган оила юз минглаб инсонлар қуёшли Ўзбекистондан бошпана топдилар. Саккиз ёшида етим қолган ва Ўзбекистон халқининг бағрикенглиги туфайли омон қолган отамнинг тақдири ҳам бунинг яққол далилидир.
Аблай КАМАЛОВ,
ҳарбий журналист, истеъфодаги подполковник