Гемодиализ марказлари сони янада кўпаяди
Нукус шаҳридаги “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида гемодиализ маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ҳиндистоннинг “Nephrocare health services central asia” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси бош директори Викрам Вуппала иштирок этди. Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2019 йил 19 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Сурункали буйрак етишмовчилиги касаллигини даволашга ихтисослаштирилган ушбу марказ биноси “Нукус эркин қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди. Бино қурилишига 3 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланди.
Бир кеча кунлузда 100 нафар беморни қабул қилиш қувватига эга марказ Германиянинг B BRAUN тиббиёт ва фармацевтика фирмасининг замонавий Dialog+ тиббий ускуналари билан таъминланган. Ушбу ускуналар бир вақтнинг ўзида 34 нафар беморга хизмат кўрсатиш имконини беради. Аҳоли ўртасида сўнгги йилларда кўпайиб бораётган сурункали буйрак етишмовчилиги касаллигини даволайдиган мамлакатимиздаги давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланишга топширилган ягона марказ ҳисобланади.
– Биз лойиҳамизни Қорақалпоғистон Республикасидан бошлаётганимиздан мамнунмиз, – дейди хорижий корхона бош директори Викрам Вуппала. – Ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳрида, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ва Боғот туманида мана шундай марказлар ишга туширилади.
Тадбир иштирокчилари марказнинг янги биносида беморларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шу ернинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақаш вазирлиги ҳамда “Nephrocare health services central asia” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
[gallery-6699]
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА