Ғазначи банкоматдаги пулларни талон-торож қилган
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан АТ “Халқ банки” Қувасой филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда ушбу банк филиали ғазначиси Х.Р.нинг кирдикорлари фош бўлди. У ўзига бириктирилган банкоматни нақд пул билан тўлдириш ҳамда сейф қисмидаги кассеталарни олиш учун рухсат берилганидан фойдаланиб, жорий йилнинг май-июнь ойларида жами 212,8 миллион сўмни яқин қариндоши С.Ш. ҳамда ўзининг пластик картасига ўтказиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
М.Сулаймонов,
ЎзА