“Ғазалхон ёшлигим” танлови ўтказилди
Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетида “Ғазалхон ёшлигим” кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.
“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Қобилият – имконият – эътироф” лойиҳаси доирасида вилоятнинг Бахмал туманида тўққиз йўналиш бўйича мусобақа ва кўрик- танловлар ўтказилган эди. Ушбу танловлардан кўзланган асосий мақсад иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёш авлоднинг она Ватанга, жонажон халқимизга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Ушбу ташаббус янада кенг қулоч ёйиб, бундай танловлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиб келинмоқда ва унинг самарасида кўплаб ёш истеъдод эгалари кашф этилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Мазкур лойиҳа доирасида вилоят прокуратураси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган “Ғазалхон ёшлигим” кўрик-танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Ёшлар орасида бадиий ижод бўйича янги истеъдод эгаларини аниқлаб, уларни кашф этиш ва ижодий қобилиятларини юзага чиқаришни мақсад қилган мазкур кўрик-танловда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Абдураҳмон Каримов, адабиётшунос олим, профессор Усмонжон Қосимовдан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг ижодий ишларини баҳолаб борди.

“Ғазалхон ёшлигим” кўрик-танловида Бахмал тумани вакили, ёш иқтидор эгаси Фаррух Амиров биринчи ўринни эгаллаб, ушбу кўрик-танловнинг мутлақ ғолиби деб топилди. Ғаллаороллик ижодкор ўқитувчи Мухлиса Соатова иккинчи ва яна бир Ғаллаорол тумани вакиласи Хумора Саидова учинчи ўринни қўлга киритди.
Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари