Газ таъминоти:мурожаатлар доимо назоратда
Бугун барча тизимда бўлгани каби газ таъминотида ҳам ҳар бир мурожаат ўз вақтида ўрганилиб, муаммо бартараф этилмоқда. Мурожаатлар шубҳасиз соҳа ходимлари томонидан жойида ўрганилади. Уларнинг натижалари вақтида ҳал этилади, тушунтириш берилади. Ўтган йил ҳисобида ҳам барча мурожаатлар белгиланган муддатда ўрганилди.

Таҳлилларга кўра, “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалига 299 та ёзма мурожаатлар, 479 та оғзаки, 10 та электрон, 103 та “Ишонч телефонлари” орқали, 2032 та мурожаат эса Виртуал қабулхона орқали келиб тушган. Улар соҳа мутахассислари томонидан ўз вақтида ўрганилган. 1874 та мурожаат ҳал этилган. 882 та мурожаат юзасидан тушунча берилган. 3 та мурожаат соҳа билан бевосита алоқадор бўлмаганлиги учун рад этилган. 164 та мурожаат бевосита маълум вақт талаб этгани сабаб бугун мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

–Фуқаролар томонидан келиб тушадиган мурожаатлар ўз вақтида ўрганилади, – дейди газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Фаррух Ражабов. – Шубҳасиз, қонунчиликда белгилаб берилганидек, 15 кун ичида ўрганилади ва жавоб қайтарилади. Мурожаатлар бугун турли мазмунда. Уларнинг амалий ечимини топиш учун ходимлар жойига бориб ўрганади. Таъкидлаш лозим, 104 диспетчерлик хизмати ҳамда 1104 Call марказлари орқали ҳам мурожаатлар 24 соат давомида қабул қилинмоқда. Операторларимиз томонидан барча мурожаатлар йўналишлар бўйича соҳа ходимларига етказилади, вақтида ўрганилади, шунингдек, ҳал этилишига эришилади.

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил бугун таъминот ходимлари учун ҳам шиорга айланган. Ўтган йил давомида нафақат филиалга, балки унинг ҳудудий бўлимларига келиб тушган барча мурожаатлар ўзининг амалий ечимини топган. Тушунтиришлар берилган. Шунингдек, турли ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган муаммолар ҳам жойида ўрганилиб, бартараф этилиб, улар ҳақида расмий муносабатлар ҳам тақдим этилган.
Зариф Комилов, ЎзА