Газ таъминоти: Чуст тажрибаси ўрганилди
Наманган вилоятининг Чуст туманида газ таъминотини самарали ташкил этиш, истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз ёқилғини етказиб беришни таъминлаш, тақсимотда тафовутнинг олдини олиш борасида ижобий ишлар йўлга қўйилган.
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали раҳбарияти ҳамда мутахассислари Чуст туманида бўлиб, газ таъминотида олиб борилаётган амалий ишлар, бу борада тўпланган тажрибалар билан яқиндан танишдилар.
“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалига қарашли “Чуст тумангаз” газ таъминоти бўлими бугунги кунда 18 мингдан ортиқ истеъмолчилар, хусусан, 253 улгуржи истеъмолчини табиий газ билан таъминлаб келмоқда. Тармоқ Фарғона Магистраль газ тармоқлари бошқармасига қарашли тўртта газ тақсимлаш станциялари орқали уланган. Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш учун 49 та юқори ва ўрта босимли газ тармоғи мавжуд. Тармоқларининг 94 километри ер остида, 258,8 километри ер устида жойлашган.

“Тумангаз” бўлимида биринчи навбатда барча ишчи-ходимлар уюшқоқлик асосида, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишонч бўлиши кераклиги, коррупция ҳолатларга аралашмаслик ва табиий газ тармоғига ноқонуний уланган улгуржи ва аҳоли истеъмолчиларга қарши кескин курашиш мақсадида рейд тадбирлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳар бир ходим ўзига бириктирилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, маҳаллабай ва хонадонбай кесимида ишлаб, энг аввало, “Маҳалла баланси” шакллантирилган ҳолда ҳудудга кириб келаётган табиий газ ва йўқотилишларга жавобгарлик ҳисси кучайтирилди.

Туман кесимида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга бўлиб олиниб, оғир нуқталарга бўлим бошлиқлари ва қўшимча ходимлар бириктирилиб, уларга маҳалла газчилари ва фойдаланиш бўлими ходимлари билан бир қаторда ушбу ҳудуддаги ноқонуний уланиб олишлар ва йўқотилишларга жавоб берилиши тушунтирилиб, жавобгарлик ҳисси оширилди.
Натижада, 2024 йилда ўтган йилга нисбатан 40 фоизга камайтириб ижобий динамика билан тафовут 494 минг.нм3, 2025 йилда жамият фойдасига -3639,3 минг.нм3, 2026 йилнинг ярим йиллигида жамият фойдасига -4026,7 минг.нм3, ҳозирда жами -7327,7 минг.нм3 ортиқча газ ёпилиши таъминланиб, жамиятга қўшимча 5,3 миллиард сўм фойда келтирилишига эришилган.

Газ тақсимлаш пунктлари бошидан Чуст туманидаги 2,1 километр газ тармоғини мукаммал таъмирлаш ҳамда 0,8 километр тармоқни реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Ҳудудлардаги аҳоли хонадонларга табиий газ таъминоти бир маромда етказиб берувчи тумандаги 61 дона ГТПлар техник тафтишдан ўтказилди, бундан ташқари ҳудудлардаги эскирган ГТПларни демонтаж қилиш ҳисобига янги тўрт дона янги замонавий ГТПлар ўрнатилди.

Ҳудудлардаги мавжуд юқори ва ўрта босимли узунлиги 93,1 километр ер ости газ қувурларида газ сизиб чиқиш ҳолатининг олдини олиш учун махсус прибор ва “Мобил лаборатория” усули билан текшириш ишлари бажарилди ҳамда 31,1 километр газ қувурларини тартибга келтириб, бўёқлаш ишлари бажарилди. Тумандаги қўшқатор тортилган 9,2 километр газ тармоғини 4,6 километр ягона тармоғига олиб, тартибга келтириш ишлари бажарилган.
Ер ости газ қувурларидаги газ сизиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича маҳалла газчилари ва тармоқ чилангарлари томонидан ҳамкорликда ишлар ташкил қилиниб, кўплаб аниқланган салбий ҳолатлар зудлик билан бартараф қилиб келинмоқда. Табиий газ билан таъминланаётган 17 минг 227 истеъмолчининг 6 минг 281 таси, хусусан 2024 йилда 4 минг 774 та, 2025 йилда 1 минг 683 хонадон таъминоти уч босқичдан икки босқичга ўтказилди.

Туманда дебитор қарздорлиги бор аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар билан ҳам алоҳида иш ташкил қилинди. Ўтган йил бошига жами 948,5 миллион сўм дебитор қарздорлик мавжуд эди, шундан 815,1 миллион сўм аҳоли хонадонлари, 133,4 миллион сўм улгуржи истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келган. Қарздор истеъмолчиларни тармоқдан узиш ҳамда тарғибот ишлари натижасида 2026 йил 1 июль ҳолатига дебитор қарздорлик 258,1 миллион сўм, шундан аҳоли истеъмолчилари 154,6 миллион сўм, улгуржи истеъмолчилар 103,5 миллион сўмга камайтирилиб, жами дебитор қарздорликни 690,4 миллион сўмга қисқартиришга эришилди.

Ўрганиш давомида наманганлик ва сирдарёлик мутахассислар ўзаро тажриба алмашиб, бундай илғор иш усулларини бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича фикр-мулоҳаза, таклифларини билдирди. Чуст туманида табиий газ таъминотида йўлга қўйилган эътиборга молик тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири