Газ қувурларини янгилашнинг замонавий усули синовдан ўтказилди
Жиззах шаҳрида газ тақсимлаш тармоқларини янгилашда эгилувчан композит қувурдан фойдаланиш бошланди. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан амалга оширилган пилот лойиҳа доирасида эскирган пўлат қувур ўрнига янги авлод композит қувури ўрнатилди.
Мазкур ёндашув газ тармоқларининг ишончлилиги ва узоқ муддатли эксплуатациясини таъминлаш билан бирга, инфратузилмани янгилаш харажатларини оптималлаштиришга қаратилган.
Тажриба-синов ишлари Австриянинг "Fibron Pipe GmbH" компанияси билан ҳамкорликда, халқаро грант асосида ташкил этилди. Жиззахдаги лойиҳа Марказий Осиёда амалда фаолият юритаётган газ тақсимлаш тармоғида эгилувчан композит қувурдан фойдаланилган дастлабки лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Ишлар давомида газ тармоғининг эскирган қисмидаги пўлат қувур демонтаж қилиниб, 100 метр узунликдаги янги композит қувур ўрнатилди. Унинг ишчи босими 6 бар этиб белгиланган. Синов жараёнида эса қувур 10 бар босим остида текширилиб, муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Янги қувурларнинг коррозияга чидамлилиги улардан фойдаланиш муддатини узайтиришга хизмат қилади. Мазкур технологияда қувурларнинг хизмат қилиш муддати 50 йилдан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Монтаж жараёнининг тезкорлиги эса тармоқларни таъмирлаш ва янгилаш ишларини қисқа муддатларда бажариш имконини беради.
Яна бир муҳим жиҳат - иқтисодий самарадорлик. Ҳисоб-китобларга кўра, композит қувурлардан фойдаланиш инфратузилма лойиҳаларида капитал харажатларни 25 фоизгача камайтириш имконини бериши мумкин.
Жиззахдаги тажриба натижалари келгусида мазкур технологиядан республика газ тармоқларида кенгроқ фойдаланиш учун асос бўлади. Айни пайтда юқори ва ўрта босимли эски пўлат газ қувурларини янги технология асосида босқичма-босқич алмаштириш бўйича техник регламентлар ишлаб чиқилмоқда.
Жамият ахборот хизматига кўра, композит қувурларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятлари ҳам ўрганилмоқда. Бу эса келгусида газ инфратузилмасини модернизация қилишда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш ва маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА