Газ баллонлари синовдан ўтказилди
Сирдарё вилоятида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини хавфсиз ҳамда узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида маиший газ баллонларини таъмирлаш ва техник синовдан ўтказиш ишлари изчил давом этмоқда.
“Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали тасарруфидаги Мирзаободдаги ягона маиший газ баллонларини таъмирлаш ва синовдан ўтказиш маркази томонидан жорий йилнинг 1 августига қадар 9 минг 480 дона баллон текширилди. Шундан 9 минг 220 донасидаги жўмраклар янгисига алмаштирилиб, босим остида синов ўтказилди ва уларга яна 5 йил фойдаланиш мумкинлигини тасдиқловчи махсус белги қўйилди.

Вилоятда табиий газ тармоғига уланмаган 82 минг 72 та хонадон ва ижтимоий соҳа муассасалари суюлтирилган газ билан режа-график асосида таъминланади.

Меъёрга кўра, ҳар бир маиший газ баллони 5 йилда бир марта босим остида синовдан ўтказилиши шарт. Синовдан ўтолмаган баллонлар таъмирланади ёки яроқсиз деб топилади.

Бундай профилактик тадбирлар аҳоли хавфсизлиги, суюлтирилган газдан самарали фойдаланиш ва эҳтимолий носозликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири