Газ баллон ичидан "опий" чиқди
Гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмоли қонунга зид бўлсада айрим шахслар била туриб шу ишга қўл уради. Шундай тоифаги шахслар билан боғлиқ ҳолат Ургут туманида юз берди.
Тожикистон Республикасининг Душанбе ва Бохтар шаҳарларида яшовчи 1978 йилда туғилган Д.О. ҳамда С.С. пропан газ балони ичига яширинча жойлаштирилган “опий” гиёҳвандлик моддасини Тожикистондан Ўзбекистонга олиб ўтишади ва сотиш мақсадида Ургут туманида яшовчи танишлари 1979 йилда туғилган М.Ф.нинг яшаш хонадонига келишади. Улар пропан газ балони ичидан гиёҳвандлик моддаларини олиш жараёнида, газ чақнаши оқибатида турли даражада куйиш жароҳати олади.

Ўтказилган текширувлар натижасида, пропан газ балони ичида селофан пакетга ўралган 244,19 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди. Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тадбирда Иштихон туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган Қ.А.нинг бошқарувида бўлган “Нексия-2” русумли автомашинада 1 килограм 8,16 гр. “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳозирда ушбу фуқароларга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА.