Ғайрат ва шижоат синови
Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини ошириш мақсадларига хизмат қилаётган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақаси нафақат ёшларнинг жисмоний имкониятларини, балки уларнинг иродаси, матонати ва Ватан олдидаги масъулиятини ҳам синовдан ўтказади.
Бухоро вилоятида мазкур мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда маҳаллалардан саралаб олинган 18-22 ёшли йигит-қизлар жамоавий тартибда иштирок этиб, ғалаба учун астойдил кураш олиб борди.

Айниқса, “АК-74” автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича ўтказилган синовлар қатнашчиларнинг ҳарбий тайёргарлик даражасини намоён қилди. Мерганлик баҳслари эса ёшларнинг диққат-эътибори, совуққонлиги ва аниқ нишонга ура олиш қобилиятини синади.
Мусобақа иштирокчилардан нафақат куч ва чидамлилик, балки тезкор фикрлаш, аниқлик ва ҳарбий кўникмаларни ҳам талаб қилди. Беллашувлар давомида ёшлар турли хил жисмоний машқлар бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

–Мусобақа майдонида ҳар бир иштирокчининг кўзларида ғалабага бўлган интилиш, Ватан ҳимоячиси бўлиш орзуси ва юксак фидойилик ҳисси яққол намоён бўлди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов. –Беллашувлар нафақат спорт мусобақаси, балки ҳақиқий жасорат, дўстлик ва жамоавий ҳамжиҳатлик дарсига айланди.
Мазкур мусобақа ғолиблар учун катта имконият эшикларини очади. Республика босқичида юқори натижа қайд этган жамоа аъзоларига олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун махсус тавсияномалар тақдим этилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири