Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хорижий филология факультетида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда филология фанлари доктори, профессор, таржима назарияси фанининг асосчиси Ғайбулла Саломов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб “Ғайбулла Саломов ва ўзбек таржима мактаби” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманни университет проректори Раима Ширинова очиб берди. Илмий ишлар бўйича проректор Ёқубжон Эргашев университет миқёсида Ғайбулла Саломовнинг ўрни, мураббийлик фаолияти, олим бошқарган “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедраси фаолияти, олимнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ва бошқалар ҳақида тўхталди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор, кўпчилик адабиётшунослар ўзига устоз деб билган Ғайбулла Саломов 1932 йили Хатирчи туманида таваллуд топган. Миллий сўз санъати ихлосмандлари устозни таржимашунос олим, публицист сифатида ёрқин хотиралар билан тилга олади.
Ғайбулла Саломов Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тугатиб, “Фан ва турмуш” журналида бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант, илмий ходим, директор ўринбосари, юртимизнинг етакчи нашриётларида масъулиятли лавозимларда меҳнат қилган эди. Домла узоқ йиллар мобайнида Тошкент Давлат университети – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети Таржима назарияси кафедраси мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида – ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида мазкур маърифий даргоҳнинг профессори сифатида фаолият кўрсатган.
Ғайбулла Саломовнинг илмий фаолияти бадиий таржимашунослик, маънавият, маърифат ва маданият масалаларига бағишланган эди. Ғ.Саломов “Мақол ва идиомалар таржимаси” (1961), “Тил ва таржима” (1966), “Таржима назариясига кириш” (1978), “Дўстлик кўприклари” (1970, Н.Комилов билан ҳамкорликда), “Адабий анъана ва бадиий таржима” (1980), “Таржима назарияси асослари” (1983) каби китобларнинг муаллифи.
Анжуманда олимнинг шогирдларидан – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Таржима кенгаши раиси Зуҳриддин Исомиддинов, таржимон Ҳуррам Раҳимов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидан Одилжон Сафаров, Тошкент давлат шарқшунослик университетидан Хайрулла Ҳамидов ва бошқалар Ғайбулла Саломовнинг илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси, таржима назарияси фанига асос солгани, қомусимизнинг тамал тошини қўйганлардан бири экани, маънавиятга, публицистика ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида маъруза қилди.
Шунингдек, Б.Осмонов номидаги Жалолобод давлат университети профессори, филология фанлари доктори Муяссар Мирзоҳидова zoom платформаси орқали Қирғизистонда таржима муаммолари, ютуқлари ҳақида гапириб, Ғайбулла Саломовнинг таржимашуносликка оид дарсликларига талаб юқорилигини айтди. Австралия миллий университети доценти Дилноза Убайдуллаева, Тожикистон иқтисодиёт университети профессори, филология фанлари доктори Мутриба Исмоилова таржимашуносликнинг хориждаги муаммо ва ютуқлари ҳақида инглиз тилида маъруза қилди.
Анжуманда иштирокчилар “Ўзбек таржима мактабининг шаклланишида Ғайбулла Саломов таълимоти”, “Ўзбек бадиий таржимаси жаҳон таржима адабиёти контекстида”, “Таржимада тил ва тафаккурнинг миллий ўзига хосликларини акс эттириш”, “Бадиий таржиманинг лингвистик жиҳатлари”, “Таржима назарияси ва амалиётини ўқитиш методикаси” йўналишларида маърузалар қилди.
ЎзА