Гарвард университети маъмурияти Германия маданият ва оммавий ахборот воситалари бўйича давлат вазири Вольфрам Ваймернинг Берлинда ушбу олийгоҳнинг кампусини очиш ҳақидаги таклифини рад этди, деб ёзди “Spiegel” нашри.
Май ойида Ваймер АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан мазкур университетга хорижлик талабаларни қабул қилишга қўйган тақиқидан сўнг Германия Гарвард талабалари учун кампус ташкил қилиши мумкинлигини айтганди.
– Қўшма Штатлардан ташқарида кампус очиш ҳозирда Гарвард учун имконият эмас, -дейилади университет берган изоҳда.
Маълумки, жорий йилнинг 15 апрель куни АҚШ Таълим вазирлиги Гарвард университетининг 2,2 миллиард долларлик грантларини тўхтатаётганини эълон қилди.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноем 22 май куни университет хорижлик талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишини ва ҳозирда олийгоҳда таҳсил олаётган барча хорижлик талабалар бошқа университетларга ўтишлари кераклигини маълум қилганди.
С.Раҳимов, ЎзА