Ҳуқуқий муносабат
«Гаров тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига асосан гаров нарсасини алмаштиришга, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади.
– Агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларга кўра бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи келишилган муддатда, низо чиққан тақдирда эса суд белгилаган муддатда гаров нарсасини тиклашга ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли, – дейди Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев. – Шунингдек, «Гаров тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддаси 4-қисмига биноан агар гаров нарсаси шикастланиш натижасида белгиланган мақсад бўйича фойдаланиб бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, гаровга қўювчи ундан воз кечишга ҳамда унинг нобуд бўлганлиги учун товон тўланишини талаб қилишга ҳақли. У билан гаровга олувчи ўртасида нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкни тиклаш ёки алмаштириш тўғрисида ёзма равишда битим тузилган ҳамда гаровга олувчи бу битимнинг шартларини лозим даражада бажараётган ҳоллар бундан мустасно.
Шу билан бирга қонуннинг 21-моддасига асосан агар шартномада ёки қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчи гаровга олувчининг розилиги билан гаров нарсасини алмаштириш, 13-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳолларда гаров нарсасини оқилона муддатда тиклаш ва уни бошқа тенг қимматли мол-мулкка алмаштиришга ҳақли.
Демак, юқоридаги ҳолатларга мувофиқ гаровдаги мулкни алмаштириш мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА