Гандболчиларимиз Гейдар Алиев турнири финалида
Бугун, 1 сентябрь куни Боку шаҳрида гандбол бўйича аёллар жамоалари ўртасида Озарбайжон халқининг миллий етакчиси Гейдар Алиев хотирасига бағишланган халқаро турнирнинг ҳал қилувчи мусобақалари бўлиб ўтади.
Финалда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мезбонларнинг “Азерйўл” клуби билан куч синашади. Учинчи ўрин учун кечадиган курашда “Астана” (Қозоғистон) ва “Қорабоғ” (Азарбайжон) жамоалари тўқнаш келади.

Кеча ўтказилган ярим финал баҳсларида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Қозоғистоннинг “Астана” клубини 36:35 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, иккинчи ярим финал жуфтлигида озарбайжоннинг “Азерйўл” жамоаси “Қорабоғ” жамоасини 30:20 кўринишида мағлуб этди.

Кеча шунингдек, 5-6-ўринлар учун ҳам ўйинлар ташкил этилди. Унда “Кур” (Озарбайжон) ва “Алатау Арулари” (Қозоғистон) жамоалари рўбарў келди. Қизиқарли ўтган учрашувда 34:27 ҳисобида “Кур” жамоаси ғалаба қозониб, бешинчи ўринни эгаллади. Қозоғистонликлар эса олтинчи ўрин билан кифояланди.
Т.Рўзиев, ЎзА