Гана ҳукумати мамлакатнинг икки вазири ва олти нафар фуқарони ҳаётдан олиб кетган вертолёт ҳалокати бўйича тергов бошланганини эълон қилди.
Кеча тунда мамлакат шимоли-ғарбий қисмидаги Обуаси шаҳри яқинида ҳарбий вертолёт қулаб тушган. Фожиа оқибатида мудофаа вазири Эдвард Омане Боама, атроф-муҳит вазири Иброҳим Муртала Муҳаммад, Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Муниру Муҳаммад ва Миллий Демократик Конгресс (МДК) раиси ўринбосари Самуэл Сарпонг, шунингдек тўрт нафар экипаж аъзоси вафот этди.

Расмийлар билдиришича, учоқ пойтахт Аккра шаҳридан ҳавога кўтарилиб, олтин қазиб олиш ҳудуди томон йўл олган. Аштани вилояти узра ҳаракатланаётганда вертолётнинг радар билан алоқаси узилган. Кейинроқ учоқ синиқлари ўрмон ҳудудидан топилган.
Мудофаа кучлари фожиа сабаби ҳали аниқланмагани, кенг қамровли тергов бошланганини билдирди. Ҳозирча бирор техник носозлик ёки об-ҳаво шароити билан боғлиқ омил тўғрисида расмий хулоса берилмаган.

Интернетда тарқалган видео лавҳаларда вертолёт парчалари ёнаётгани кўринади, атрофда эса фуқаролар ёрдамга ошиқаётгани акс этган. Ҳодиса жойи узоқ бўлгани боис, қутқарув ишлари мураккаб кечмоқда.
Ҳукумат ҳодисани "миллий фожиа" деб атади. Аккра шаҳридаги МДК қароргоҳи ва марҳум вазирларнинг уйида юзлаб мотам тутувчилар тўпланди.
Давлат оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, қулаган Z-9 русумли вертолёт асосан тиббий эвакуация ва ташув учун фойдаланилган бўлиб, хавфсизлик тизими жуда ишончли транспорт воситаларидан бири сифатида эътироф этилади.
Гана Африкадаги энг хавфсиз авиация тизимига эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Охирги йирик ҳаво ҳодисаси 2014 йил содир бўлган. Ўшанда уч киши вертолёт ҳалокати оқибатида вафот этганди. 2012 йил эса Аккра аэропортида юк самолёти йўловчи автобусига урилиб, камида 10 кишининг ўлимига сабаб бўлган.
Бу галги фожиада юқори даражали амалдорлар ҳаётдан кўз юмгани бутун мамлакатни ларзага келтирди. Президент саройи ва ҳарбий идоралар расмий мотам эълон қилиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА