“Ғамхўрлик” масканининг афзалликлари
Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги 71-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат энди фақатгина таълим маскани эмас. Бу ерда ҳаётга бўлган ишонч, меҳр, эътибор ва имкониятлар уйғунлашди. Узоқ йиллар давомида мослаштирилган ва турли биноларда фаолият юритиб келган ушбу муассаса ниҳоят янги ва замонавий иншоотда ўз эшикларини очди.
Тантанали маросимда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, мактаб-интернат жамоаси, ота-оналар, фахрий ва нуронийлар ҳамда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти вакиллари иштирок этди.


– Бугун биз нафақат янги бинонинг, балки болалар тақдирига бўлган муносабатнинг янгиланишини ҳам кўрмоқдамиз, – деди тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокими Азизбек Турдимуродов. – Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда алоҳида эҳтиёжли болаларга муносабат тубдан ўзгармоқда. Энди улар фақат билим олмайдилар, балки ҳаётда ўз ўрнини топиш, мустақил яшашга тайёргарлик кўрадиган мукаммал муҳит яратилмоқда.

Дарҳақиқат, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг 35 миллиард сўмлик ҳомийлик кўмагида барпо этилган янги мажмуа ҳар томонлама қулай ва хавфсиз. Бинода 240 нафар бола учун мўлжалланган ётоқхона, ўқув ва технология хоналари, ошхона, спорт зали ва очиқ майдонлар, ҳатто workout майдончаси ҳам мавжуд. Ҳар бир хонанинг панорамали ойналари, видеокузатув тизими, замонавий санитария талабларига мос ҳолати муассасанинг қай даражада пухта режалаштирилганини кўрсатади.

Мактаб-интернатда ақлий, руҳий ва сенсор ривожланишида орқада қолган, оғир ногиронлиги бўлган 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар таълим-тарбия олади. Улар учун “Ғамхўрлик” гуруҳи ташкил этилган бўлиб, бу гуруҳда болалар нафақат парваришланади, балки психологик қўллаб-қувватлаш, реабилитация, ижтимоий мослашув ва меҳнатга тайёргарликка қаратилган махсус дастурлар билан қамраб олинади.

Муассасада жорий қилинган 13 та технология хоналари болаларни ҳаётга тайёрлаш, амалий кўникмалар беришга хизмат қилади. Уларда дурадгорлик, чилангарлик, сартарошлик, косибчилик, ободонлаштириш, тикувчилик каби касблар ўргатилади. Бу эса фарзандларимиз келажакда жамиятда ўз ўрнига эга бўлишларига замин яратади. Яқин келажакда эса бу ерда ишлаб чиқариш цехи ва кичик фермерчилик хўжалиги ташкил этилиши режалаштирилган.
Айни пайтда вилоят бўйича 200 нафардан ортиқ алоҳида таълим эҳтиёжли болалар рўйхатда турибди. Энг муҳим жиҳати — бу мактаб нафақат Сирдарё, балки Жиззах ва Тошкент вилоятларидан ҳам болаларни қабул қилиш имкониятига эга.
– Илгариги таълим муассасаси қишда совуқ, иссиқда эса дим бўларди, – дейди ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг очилишига бағишланган тадбирда иштирок этган Расул Милтиқов. – Энг асосийси, хоналари мослашмаган, алоҳида ювиниш хоналари йўқ эди. Бугунги бинодаги ҳар бир бурчакни кўриб кўзинг қувнайди. Бу эса нафақат менга, мен сингари ота-оналар учун энг катта юпанчдир. Президентимиз ва бу ишга ҳисса қўшган барча юртдошларимизга ўзимнинг чуқур миннатдорликлигимни билдираман.
Албатта, бундай таълим муассасаларининг кўпайиши жамиятимизда инсон қадрига бўлган муносабат тубдан ўзгариб бораётганини кўрсатади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири