Маълумки, 2025 йил ҳосили учун республикада 1 млн 100 минг гектар майдонга ғалла экилган. Бу 2024 йилга нисбатан ўртача 10-12 минг гектарга кам кўрсаткич. Шу кунларда бободеҳқонларимиз даласидаги ўрим-йиғим ниҳоясига етай деб қолди. Она табиатнинг бизга кўрсатаётган саховати туфайли фермерларимиз ҳар йили мўл ҳосил кўтариб, ғалла мустақиллигига ҳам эришдик.
Бу яхши, бироқ, халқимизга рисқ берган она ерга салбий муносабат баъзи жойларда ҳамон ўзгармаяпти. Сабаби ҳосилини олиб, бизга рисқ улашган ерни ёқиб юборишни қандай тушуниш мумкин? Узоққа бормайлик, пойтахтга яқин Тошкент вилоятининг туманларидан бирида “ёқиш кампанияси” авжига чиққан кўринади. Янгийўлдан бошланган ёнган далаларни, Чинозгача учратдик. Катта йўл бўйида кетар эканмиз, Чиноз туманида ҳам шундай ҳолатларнинг кўплигини кўриб ажабландик. Чунки, катта йўл бўйларидаги ғалладан бўшаган майдонларнинг ёқилиши камдан-кам ҳолат.
Албатта, бу ёнғиндан экология, атроф-муҳит, флора ва фауна жабр кўради. Балким, фермерга бу фойдадир, бироқ кўриладиган зарар тарозининг палласини босиб кетади. Юртимизда бугун экологияни ўзгартирамиз деб бонг урилиб, “яшил макон” умуммиллий дастури учун барча жон куйдираётган, кўчат экиб, боғ яратилаётган, дала четлари, йўл бўйларида яшил зоналар барпо қилинаётган бир паллада, кун иссиғидан шундоғам қийналаётган кўчатларга, дов-дарахтларга энди ёнғинларнинг тафти ҳам қўшилиши, албатта уларга салбий таъсир кўрсатиши муқаррардир.
Биз фожеанинг бир қисмини, фақат катта йўл ёқаларидаги ҳолатни кўра олдик холос. Ичкаридаги ғалла майдонларида балки аҳвол бунданда оғирдир. У томонларни мутасаддилар албатта ўрганиб чиқадилар деган умиддамиз. Фожеанинг яна бир томони ёқилган ғалла майдонлари бошқа ерларда ҳам ёнғинни келтириб чиқариши мумкинлигини эсдан чиқармаслигимиз керак.
Шу ўринда 1 гектар ер майдонидаги бошоқли дон пояси ёқилганда атмосфера ҳавосига қанча зарарли моддалар чиқарилишини эслатиб ўтмоқчимиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 1 гектар майдондаги сомон поялари ёқиб юборилган тақдирда атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди (СО) гази чиқар экан. Шунингдек, тупроқ таркиби бузилиб, эрозияси кучаяди, натижада ҳосилдорлик камаяди.
Ушбу экологик муаммоларнинг олдини олиш ва ёнғинлар бундай кенг майдонларда учраётганининг сабабини билиш мақсадида Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари билан боғландик, лекин улар қайсидир сабабларга кўра кела олмади.
Эслатиб ўтамиз, ғалладан бўшаган майдонларни ёқиш амалдаги қонунларни бузилиши ҳисобланиб, жазо чоралари ҳам белгилаб қўйилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EmuQpvS64aA" title="G‘alladan bo‘shagan maydonlarni yoqish – Ona tabiatga xiyonatdir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА