Ғалладан бўшаган майдонда такрорий экин экилади
Бухоро вилояти Вобкент туманида 332 фермер хўжалиги ихтиёридаги 6 минг 210 гектар майдонда буғдойнинг “Алексеевич”, “Старшина”, “Вата” каби серҳосил навлари экиб парваришланди. Ғалла ўрим-йиғими даврида туманда 20 ўрим-йиғим отряди ташкил этилди. Ҳар бир отрядга юқори унумли комбайн ва экипаж бириктирилгани ҳолда шу кеча-кундузда ҳам ўрим-йиғим, далани сомондан тозалаш ишлари қизғин давом этмоқда.
Ҳар йилги агротехник анъанага мувофиқ, жорий йил туманда ғалла ҳосилидан бўшатилаётган ер майдонининг 170 гектарида сабзи, 74 гектарида шолғом, 78 гектарида турп, 82 гектарида лавлаги, 120 гектарида тарвуз, 90 гектарида қовун, 44 гектарида ошқовоқ, шунингдек, 613 гектарида кунгабоқар, 274 гектарида мош, яна шунча гектарда ловия, 100 гектардан ошиқ ерда картошка экиб етиштириш чора-тадбири кўрилмоқда. Худди шундай, чорва моллари учун озуқа базаси захираси учун қарийб 2 минг 100 гектар ер майдони ажратилмоқда. Шундан 2 минг 548 гектарда тариқ, маккажўхори ва бошқа озуқабоп экинлар етиштирилади.
Умуман, ҳудудда буғдой етиштирилган контурларнинг жами 6 минг 199 гектар ер майдонида такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини экиб парваришлаш, пировардида элимиз дастурхони тўкинлиги учун эҳтиёжга яраша сабзавот-полиз маҳсулотлари билан бирга чорва мажмуаси учун талаб қилинаётган захирани тайёрлаш мақсад қилинган.

Шу нуқтаи назардан, туманнинг “Garden Bukhara Agroclusster” МЧЖ да қишлоқ хўжалигига дахлдор корхона ва ташкилотлар, фермер хўжаликлари масъуллари иштирокида ғалладан бўшаган ерларга қишлоқ хўжалиги экинларини такрорий экиш, агротехник тадбирларни ўтказиш, талаб этиладиган моддий ресурсларни ўз вақтида етказиб беришга бағишланган кўргазмали ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.
Туманнинг Қўнғирот ва Янгикент ҳудудларидаги “Garden Bukhara Agroclusster” МЧЖ тасарруфидаги 375 гектар майдонда бу йил “Бухоро-8” навига мансуб саноат хом ашёси парвариш қилинаётган бўлса, яна юз гектардан ортиқ майдонда “Старшина” ва “Гром” навига мансуб ғалладан баракали ҳосил етиштирилди. Бугунга келиб биргина пахта етиштирилаётган майдондан 1 минг 500 тонналик “оқ олтин” хирмони бунёд этиш мақсад қилинган бўлса, шу кунларда сомондан тозаланаётган контурларни эҳтиёжманд аҳоли вакилларига тенг тақсимлаб бериш ишлари бошланган.
Шунингдек, сўнгги уч-тўрт йилда ҳудудда “Garden Bukhara Agrocluster” МЧЖ ва бошқа хўжаликларда яна 208 гектар интенсив боғ барпо қилинди. Олма, ўрик, сара навли узумзор кенгайтирилмоқда. Барпо қилинаётган токзор ҳисобидан ҳосилдорлик ҳам йил сайин ошмоқда. Бошқача айтсак, ҳудудда ихтисослашган фермер хўжаликларида етиштирилаётган сара узум ҳосили ўтган мавсумда 3 минг тоннадан оширилгани ҳам элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга.

Экин еридан унумли фойдаланиш, бу жараёнда ҳар бир маҳаллада ижтимоий муҳофазага олинган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан ўрин олган камхарж, меҳнатга лаёқатли оилалар даромадини ошириш, моддий таъминотини яхшилашга эътибор қаратилмоқда. Уларга сабзавот-полиз, мойли экинлар ҳамда чорва озуқаси экинлари учун уруғлик таъминоти, ер тайёрлаш ва суғориш ишларида фермер хўжаликлари масъул эканлиги алоҳида таъкидланди. Албатта, бу чора-тадбирлар жойларда ишчи гуруҳлари томонидан алоҳида назоратга олинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА