Айни кунда Бухоро вилояти Вобкент туманида ҳам қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли рўзғорини кундалик зарур сабзавот-полиз, дуккакли ва мойли маҳсулотлар билан таъминлаш ва бу маҳсулотлар танқислигининг олдини олишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бугунга келиб туманда пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик каби тармоқларда банд бўлган 330 дан ортиқ фермер хўжалиги ва улар тасарруфидаги жами 18 минг 680 гектар майдонда деҳқончилик қилинмоқда. Тармоқлар йўналишида пахта, ғаллачиликдан ташқари, 60 тадан ортиқ фермер хўжалиги боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигида, 30 та фермер хўжалиги чорвачилик йўналишида, ўнга яқин паррандачилик ва балиқчиликда, шунингдек, сабзавот-полизчиликда 6 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.

Шу кунларда ғалла ҳосилидан бўшатилган ер майдонининг 531 гектарида сабзи, 310 гектарида сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб етиштириш ишларига киришилган. Худди шундай, маккажўхори дони учун 1050 гектар, мойли экинлар учун 392 гектар, дуккакли маҳсулотлар етиштиришга 1000 гектар, қизил лавлаги етиштиришга 220 гектар, тариқ етиштиришга 1200 гектар ер майдони ажратилган ва деҳқон хўжаликлари, томорқачилар томонидан амалий иш бошланган.

“Болтаев Ғолиб Комилович” фермер хўжалиги далаларида айни дамда 8 гектар ерда сабзи етиштирилмоқда. Фермер хўжалиги ўтган йилда айни такрорий экин мавсумида 5 гектар ерда сабзи экиб, 100 тоннадан ошириб ҳосил олишга муваффақ бўлган.
Ҳозирда фермер хўжалиги сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун музлатгич ҳам қуришга эришди. Албатта, бир хўжаликнинг бу каби ютуғи ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.