Ғалла қабул қилишнинг ҳар бир босқичи назоратда
Қашқадарё вилоятида 2026 йилги ғалла ўрим-йиғими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, дон ҳосилини сифатли қабул қилиш ҳамда фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан кенг кўламли назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги 6 минг 338 та фермер хўжалигида 127 минг 310 гектар майдонда бошоқли дон етиштирилган бўлиб, давлатга 390 минг 800 тонна дон топшириш режалаштирилган.

Ғалла ўрим-йиғимида Case, New Holland, Claas, Vector, John Deere русумли жами 294 та замонавий комбайн иштирок этмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, носозликлар туфайли вақт йўқотилишининг олдини олиш ва ўрим жараёнларини қисқа муддатларда якунлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу йил ҳосилни қабул қилиш ишлари вилоятдаги “Dunyo-M” АЖ, “Qashqadaryodonmahsulotlari” АЖ, “Don xalq rizqi” АЖ каби 10 та дон қабул қилиш корхонаси ҳамда улар тасарруфидаги 11 та дон қабул қилиш масканида ташкил этилган.

Дон қабул қилиш масканларидаги барча синов лабораториялари тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган. Шунингдек, 21 та автотарози қиёсловдан ўтказилиб, тегишли сертификатлар билан таъминланган. Ҳозирда 2026 йил ҳосилини қабул қилиш жараёни “Ҳосил қабули” ахборот тизими орқали рақамли шаклда амалга оширилмоқда.

“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси томонидан дон топширувчи фермерлар ва қабул қилувчи корхоналар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсли ҳолатларни тезкор ҳал этиш мақсадида ҳар бир дон қабул қилиш масканига туман бўлимлари мутахассислари бириктирилган.

Мазкур мутахассислар томонидан автотранспорт воситаларида келтирилаётган дондан намуна олиш, ўртача ва суткалик намуналарни шакллантириш, лаборатория таҳлилларини тўғри ўтказиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда намуналарни сақлаш жараёнлари қатъий назорат қилинмоқда.

Бу ҳақда сўз юритар экан, Ўзагроинспекциянинг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳобиддин Норов ғалла мавсумида сифат назоратига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Ғалла ўрим-йиғими мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга стратегик жараён ҳисобланади, – деди Ш.Норов. – Шу боис жорий мавсумда ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, дон қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бугунги кунда вилоятимиздаги барча дон қабул қилиш корхоналари ва масканларида лаборатория жиҳозлари ҳамда тарозиларнинг созлиги текширилиб, тегишли қиёслов ишлари якунланган. Дон қабул қилиш жараёнлари рақамлаштирилган ҳолда “Ҳосил қабули” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.
Ҳар бир дон қабул қилиш масканига инспекция мутахассислари бириктирилган бўлиб, улар томонидан дон намуналарини олиш, сифат кўрсаткичларини аниқлаш ва ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари доимий назорат қилиб борилмоқда. Айниқса, намлик, клейковина, ифлослик даражаси ва бошқа сифат кўрсаткичларини баҳолашда давлат стандартлари талабларига қатъий риоя этилиши таъминланмоқда. Асосий мақсадимиз фермерлар меҳнати самарасини адолатли баҳолаш, қабул қилинаётган ҳосил сифати ва миқдорининг ишончли ҳисобини юритиш ҳамда ғалла мавсумини уюшқоқлик билан юқори савияда ўтказишдан иборат.

Алоҳида таъкидланганидек, буғдойни қабул қилишда давлат стандартлари талабларига мувофиқ намлик, ифлослик даражаси, донли аралашмалар миқдори, натура, клейковина сифати ва миқдори, ранг, ҳид, таъм, ялтироқлик ҳамда зараркунандалар билан зарарланганлик каби кўрсаткичлар асосида доннинг синфи белгиланади.

Шунингдек, дон қабул қилиш масканларига бириктирилган мутахассисларга базис ва чекланган меъёрлар, устама ҳамда чегирмаларни қўллаш тартиби лаборатория шароитида амалий тарзда тушунтирилди.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, ғалла қабул қилиш мавсумининг асосий мақсади ҳосил сифати ва миқдорини ишончли назорат қилиш, қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда фермерлар билан қабул қилувчи корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Айни пайтга қадар вилоят бўйича 212 минг 69 тоннадан ортиқ бошоқли дон қабул қилиниб, бу режалаштирилган ҳажмнинг 53,9 фоизини ташкил этмоқда. Жумладан, давлат хариди учун топширилиши белгиланган ҳосилнинг катта қисми дон қабул қилиш масканларига етказилган бўлиб, қабул жараёнлари белгиланган тартиб асосида давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири