
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро туманидаги “Панжи Файз Обод” фермер хўжалигида ғалла парваришига бағишланган семинар ўтказилди.
Шу кунларда ҳудудлардаги фермер хўжаликлари зиммасида жорий йил ҳосили учун ғалла майдонларини талаб даражасида озиқлантириш, парваришлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Айнан ғаллачилик йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугунга келиб Бухоро вилоятида 65 минг гектар ерда 10 та кластер корхонаси ташкил этилиб, уларга 3,4 минг гектар ер тўғридан-тўғри ажратилгани ва 61,6 минг гектар ғалла майдони мавжуд 3 мингтага яқин фермер хўжалигига бириктириб берилгани хўжаликлар моддий манфаатдорлиги, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.
Жорий йил ғаллачиликка ихтисослашган 2931 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 65 минг гектар майдонда буғдойнинг “Алексеевич”, “Васса”, “Гром” каби сараланган навлари, шунингдек, серҳосил Хитой нави экилиб, сифатли парваришланмоқда. Миришкорлар 2024 йилги мавсумда қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи маротаба гектарлар ҳосилдорлигини ўртача 82 центнердан ошириб, баракали хирмон барпо этган бўлса, жорий йилги мавсумда бор куч ва имконият ялпи сара буғдой хирмонини 600 минг тоннага етказишга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, Бухоро туманидаги “Панжи Файз Обод” фермер хўжалиги даласида ташкил этилган кўргазмали амалий семинар 2025 йил ҳосили учун экиб ундирилган ғалла майсасини баргидан озиқлантириш, парваришлаш масалаларига бағишланди.
[gallery-22253]
Семинарда дастлаб, ғалла парвариши ва эрта баҳорги дала юмушлари таҳлил қилиниб, буғдойни минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, “шарбат” усулида суғориш, дала четларини ободонлаштириш, ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш, ғалла майсаларини баргидан озиқлантириш (суспензия сепиш), барча пуркагичларни мавсумга тайёрлаб, отрядларни шакллантириш ишларига батафсил тўхталиб ўтилди. Фермерларга зарур тавсиялар берилди. Далада буғдой ҳосилдорлиги ва дон сифати ўсимликнинг ўсиш даврида етарли миқдордаги зарур минераллардан иборат озуқа элементлари билан таъминланиш даражасига боғлиқ эканлиги алоҳида қайд этилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА