Ғалла ўрим-йиғимига бағишланди
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Бухоро Агрокластер” МЧЖ ҳузуридаги “Аgro markaz” мажмуасида жорий йилги ғалла ўрим-йиғими мавсуми бошланиши муносабати билан кўргазмали ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрулло Назаров, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, вилоят ИИБ бошлиғи, подполковник Икромжон Турсунов, шунингдек, туманлар ҳокимлари, маъмурий секторлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор ташкилот ва идоралар мутасаддилари, фермерлар иштирок этди.

Биргина Вобкент тумани ғаллакоркорлари ўтган йилги мавсумда 338 та фермер хўжалиги ихтиёридаги 6 минг 210 гектар майдонда буғдойнинг “Алексеевич”, “Старшина”, “Вата” каби серҳосил навларини парваришлаб, ўрим-йиғимда давлатга сотилган сара буғдой хирмони 16 минг тоннадан оширилган. Элимиз ризқ-рўзи манбаи – буғдой етиштиришда туманда ҳар гектардан олинган ҳосилдорлик ўртача 70 центнерни ташкил этган.

Туман фермер хўжаликларида етиштирилган ялпи сара буғдой ҳосили 35 минг тоннага етказилиб, давлатга сотилганидан ташқари хўжаликлар омборида захира қилинган ғалла ҳисобидан фермер жамоалари моддий манфаатдорлиги янада оширилмоқда. Ҳатто ҳудуддаги “Янгикент олтин замини”, “Акмал”, “Ғаффор Миршод замини”, “Зиёдулло Акобир”, “Ҳайдар Дилором замини”, “Илёс Истам Фармон”, “Моҳитобон Мавлуда” каби фермер хўжаликларида ҳар гектардан олинган ҳосил 80 центнергача етказилган. Ҳар йилги анъанага мувофиқ, ҳудудда қарийб 900 гектар майдонда эса элита навлари уруғлик буғдойи етиштирилмоқда.

Кеч кузда буғдой уруғи қадалганидан тортиб, ғалла ҳосили пишиб етиладиган ёз жазирамасига қадар барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракат самараси ўлароқ, далаларда мўл ҳосил тўпланган. Етиштирилган баракали ҳосилни қисқа фурсатда нест-нобуд қилмай, ўриб-йиғиб олиш мақсадида барча ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Семинарда таъкидланганидек, туманда дон қабул қилиш пункти томонидан жорий йилда жами 16 минг 256 тонна бошоқли дон экинларини қабул қилиш режа қилинган. Бу ишларни уюшқоқлик билан, тизимли равишда амалга ошириш мақсадида штаб ташкил қилиниб, 20 та ўрим отрядига 20 та комбайн бириктирилган. Ҳадемай, мазкур комбайн экипажлари тумандаги 338 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 6661 гектар ерда пишиб етилаётган сара буғдой ўримига жалб қилинади. Донни қабул масканига етказишда ҳудудда 100 тага яқин юк автомашинасидан фойдаланилади.

– Аграр комплексдаги бор куч ва имконият ғалла ҳосили ўрим-йиғим мавсумини юқори даражада ташкиллаштиришга қаратилаётган вилоятда айни кунда долзарб мавсум олдидан барча туманлардаги 23 та таъмирлаш масканига жами 182 та комбайн киритилиб, мутахассислар техник кўригидан ўтказилиб, таъмирдан чиқарилди, – дейди вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов. - Шундан 130 та “Case”, 42 та “Klass”, яна 10 та “Nyu Holland” ва “Vektor” русумли хорижий юқори унумдор комбайнлар шай қилинмоқда. Бу замонавий техникалар ёрдамида ҳадемай 65 минг гектар майдонда пишиб етиладиган буғдой ҳосили сифатли ўриб-йиғиб олинади.
Таъкидланганидек, бу жараёнда вилоятда бевосита ғаллачиликка ихтисослашган 2978 та фермер хўжалиги миришкорлари, шунингдек, 182 та ўрим отряди билан бирга, уларга яқиндан кўмакчи сифатида 900 тага яқин юк автомашинаси, қолаверса, 700 нафардан ортиқ масъул алоҳида жонбозлик кўрсатиши тақозо қилинмоқда. Комбайн экипажлари билан бирга мавсумда дон ташишга мўлжалланган ва хизмат кўрсатадиган техникалар ҳам жалб қилиниб, уларнинг мавсум давомида тўлиқ ишчи ҳолатида бўлиши таъминланади.
Семинарда ғалла ўрим-йиғимига жалб қилинадиган барча масъулларга зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири