Шу кунларда ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ишлари қизғин паллага кирган. Бир тарафда барака уруғлари қадалаётган бўлса, бир тарафда ризқ-рўзимиз бўлган ғалла майдонларида зарурий агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳосилнинг мўл бўлиши айнан шу кунларда бошланиб, то кеч кузгача олиб борилаётган агротехник тадбирлар инновацион ечимлар орқали амалга оширилишига бевосита боғлиқ. Шу боис, 2024 йил ҳосили учун ғалла майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирларни ўрганиб, уларни тизимли йўлга қўйиш, жойларда фермер ва деҳқонларга бу борада зарурий тавсиялар бериш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Долзарб 30 кунлик” назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ҳозир ғалла майдонларида тарқалаётган бегона ўтлар, турли касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш тадбирларини тизимли йўлга қўйиш, ғалла майдонларини азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва шарбат усулида суғориш ишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкент вилоятида 123 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда. Ўтказилган назорат тадбирларида аниқланишича, бугунги кунда ғалла майдонларининг 35 минг 146 гектарида ўсимлик ҳосил тўплаш ҳамда 97 минг 854 гектари найчалаш палласида ривожланаётгани маълум бўлди. Шунингдек, далаларни азотли минерал ўғитлар билан белгиланган тартибда баҳорги биринчи ва иккинчи озиқлантириш ишлари тўлиқ якунланди. Ўз навбатида бегона ўтларга қарши 94 минг 340 гектар, касалликларга қарши 87 минг 204 гектар ҳамда зараркунандалар, ҳашаротларга қарши 239 гектар майдонларда кимёвий ишловлар ўтказилди.
– Туманида ғалла парвариши борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўрта Чирчиқ тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Беҳзод Явгашев. – Ғалла майдонларини озиқлантириш учун минерал ўғитлар захираси яратилган. Мавсум бошидан 6 минг 767 гектар майдонда озиқлантириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, ғалла майдонларини шарбат билан суғориш мақсадида апрель ойида жойларда гектарига 3 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш белгиланган. Ушбу тадбир бугунги кунгача вилоят ҳудудларида 25 фоиз бажарилган.Шу каби баҳорги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад мўл ҳосил олишдир.
А.Мусаев,ЎзА мухбири