Ғалла майдонлари эгилувчан қувурлар ёрдамида суғорилмоқда
Сувни кам сарфлаб юқори ҳосил олиш ҳар бир деҳқон ва фермернинг асосий мақсадларидан биридир.
Хусусан, Тошкент вилояти Чиноз тумани фермерлари ҳам яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиб, ўз экинзорларини сув тежовчи технологиялардан фойдаланган ҳолда суғоришга аҳд қилган.
Бу борада Чиноз тумани ирригация бўлими сувчилари белгиланган талаблардан келиб чиқиб экиндан бўшаган майдонларни эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу технология асосида суғориш сувни сезиларли миқдорда тежаш имконини бериши билан бирга, ортиқча маблағни иқтисод қилиш демакдир. Айни кунларда ҳудуддаги “АПК Чиноз кластер” ташкилотининг 25 гектар ғалла майдони худди шу усулда суғориляпти. Яна 60 гектар ғалла майдонлари эгилувчан қувурлар орқали сув ичиши йўлга қўйилади.
Кўчма эгилувчан қувурларнинг афзаллиги шундаки, улар ишчи кучини ҳам тежайди. Шу билан бирга, бундай қувурларни тезда йиғиштириб, бошқа майдонга кўчириш жуда қулай.
Ўрта Чирчиқ туманида ҳам кузги ғаллани кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғоришга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, “Кўкча текстил” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 6 гектар ғалла майдони эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориляпти.
Мазкур қувурлар ёрдамида суғорилганда ўқариқ ва шоҳариқлардан сув тупроққа шимилиб исроф бўлишининг олди олинади, барча эгатларга бир хилда таралади, натижада даланинг барча қисмлари бир маромда намланади.
Айни пайтда вилоятнинг бошқа туманларида ҳам кузги ғаллани суғориш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.