"Ғалаба музейи" залларига экскурсия
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан МДҲ мамлакатлари ахборот агентликлари журналистлари учун ўтказилаётган “Ғалаба йўллари” номли халқаро медиа-тур қатнашчилари Москва шаҳридаги Ғалаба музейида бўлди.
Дастлаб музейда уруш қатнашчилари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гуллар қўйилди.
Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан жорий йилда очилган “Ғалаба сари йўл” дея номланган янги экспозиция билан танишилди.
– Ғалаба музейи Россия Федерациясидаги, шу билан бирга Иккинчи жаҳон урушига бағишланган дунёдаги энг катта музейлардан ҳисобланади, – дейди Россия Федерацияси Маданият вазирлиги Ғалаба музейи директори Александр Школьник. – Бу ерда Иккинчи жаҳон урушида собиқ иттифоқ халқлари кўрсатган жасорат, фашизмга қарши мардонавор кураш ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб экспозиция ва қимматли экспонатлар, ноёб ашёлар мавжуд. Ва, энг муҳими, бу экспозициялар ҳар йили бойитилиб, маълумотлар тўлдириб борилмоқда. Бу йил Ғалабанинг 80 йиллигига биз ҳам ўзига хос совға сифатида М. Греков номидаги ҳарбий рассомлар студияси ижодкорлари асарлари асосида "Ғалаба сари йўл" номли тарихий-мультимедиа экспозицияси яратдик.
Олти бўлимдан иборат кўргазма Москва учун жанг тафсилотлари акс этган мультимедиали лавҳа билан бошланади. Унда пойтахт учун душман томонидан тайёрланган операциянинг собиқ иттифоқ қўшинлари томонидан барбод этилиши ва Москва учун мардонавор кураш ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, мазкур экспозицияда
Сталинград жанги, Ленинград қамали,Курск қалъаси, Днепр дарёси учун бўлган жанговор ва ғалаба сари дадил қадам бўлган курашлар ҳақидаги маълумотлар фильм, тарихий ашёлар ва мудьтимедиали тасвирлар орқали кўрсатиб берилган. Экспозиция "Берлинга ҳужум" номли бўлим билан якунланади.
Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Маданий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида ташкил этилган “Ғалаба ёдгорликлари” интерактив мажмуаси янги кўргазманинг ўзига хос қисмидир. Ушбу бўлимдаги 160 дан ортиқ экспонат уруш қаҳрамонлари ва уларнинг шахсий ҳикояларига бағишланган.
[gallery-25338]
Бундан ташқари, музейда янги ташкил этилган “Ғалаба юзи” номли экспозиция Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳақидаги маълумотлардан иборат бўлиб, бу маълумотлар фуқаролар томонидан тўлдирилиши ҳам мумкин. Бунинг учун электрон платформа яратилган.
Ғолиб Ҳасанов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари
Россия Федерацияси, Москва шаҳри..