Гаити Бош вазири ҳокимиятдан четлатилди
Гаити Бош вазири Гарри Кониль лавозимга киришганидан олти ой ўтмай, ишдан бўшатилди. Ушбу қарорни чиқарган мамлакат бошқарув кенгаши тўққиз аъзосидан саккиз нафари имзолаган ҳужжатга кўра, унинг ўрнига тадбиркор, собиқ сенатор Алекс Дидье Фис-Эма тайинланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти собиқ расмийси Кониль турли тўдалар фаолияти туфайли давом этаётган хавфсизлик инқирози асносида тайинланган ва мамлакатда 2016 йилдан бери илк президентлик сайловига йўл очиши кутилган эди.
Гаитида ҳозир на президент, на парламент мавжуд. Конституцияга кўра, фақат парламент амалдаги Бош вазирни истеъфога чиқариши мумкин. Кониль 3 июнь куни қасамёд қилган эди.
– Ҳар қандай ҳуқуқий ва конституциявий доирадан ташқари қабул қилинган ушбу резолюциянинг қонунийлиги жиддий шубҳа уйғотади, – дейди ҳукумат раҳбари.
Ўтиш даври президентлик кенгаши (ЎДПК) апрель ойида Конилдан олдинги Ариэль Анри пойтахт Порт-о-Пренснинг бир қисмини эгаллаб олган тўдалар тармоғи томонидан лавозимидан четлатилгандан кейин тузилган.
Бу юртда қароқчилар ва исёнчилар ҳокимият учун курашмоқда. Анри 2024 йил 25 февралда Гаянадаги саммитда иштирок этиш учун Гаитини тарк этган. Шундан сўнг тўда аъзолари халқаро аэропортни эгаллаб олган ва унинг қайтишига тўсқинлик қилган.
ЎДПК зўравонлик кенг тарқалган ушбу Кариб денгизи мамлакатида демократик тартибни тиклаш ниятида.
Гаитини дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири деб ҳисоблайдиган БМТ маълумотига кўра, январь ойидан бери мазкур мамлакатда 3600 дан кўп одам ҳалок бўлган, 500 000 дан ортиқ киши уйини ташлаб кетган. Икки миллион киши ҳаддан зиёд очликдан азият чекмоқда, аҳолининг, деярли, ярми тўйиб овқатланмайди.
Энг кучли жиноий тўдалардан бири етакчиси, Барбекю номи билан танилган Жимми Черизье аввалроқ қуролли гуруҳларга янги ҳукумат тузиш бўйича музокарада иштирок этишига рухсат берилса, зўравонликни тўхтатишга тайёрлигини айтган.
Сўнгги президентлик сайлови Гаитида саккиз йил олдин, “Тет Кале” партиясидан Жовенель Моис сайланганда ўтказилган. У 2021 йил июлда ўлдирилгандан бери олий лавозим бўш.
Тўдалар ҳокимиятдаги бўшлиқдан фойдаланиб, ўз назоратидаги ҳудудларни кенгайтирмоқда. Жойларда виртуал қонунбузарлик авжига чиққан.
Ўтган ой Кениядан Гаитига юзлаб полициячи жўнатилгани, шу ой яна қўшимча куч келиши кутилаётгани хабар қилинганди.
М.Пирматова, ЎзА