Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институтининг болалар ва ўсмирлар гигиенаси лабораторияси ходимлари томонидан пойтахтимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида сўровнома ўтказилди. Унда 2022-2023 ўқув йили давомида 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган 900 нафар ўқувчи иштирок этди.
Тадқиқотда замонавий рақамли қурилмалар ва Интернетдан кўп фойдаланишнинг болалар саломатлигига таъсирини баҳолашга эътибор қаратилди. Статистик маълумотлар таҳлили эндокрин тизим, овқатланиш ва метаболик касалликлар билан боғлиқ шикоятларга эга болалар ўртача 41 фоизни ташкил этишини кўрсатди.
Умумий касалланишнинг қиёсий таҳлилига кўра, рақамли қурилмалардан тез-тез ва кўп фойдаланадиган ўқувчиларда рақамли қурилмалардан кам ёки умуман фойдаланмайдиган ўқувчиларга нисбатан руҳий ва хатти-ҳаракатларнинг бузилиши билан боғлиқ белгилар кўпроқ учради. Сўровнома натижаларига кўра, болалар орасида асаб тизими касалликларининг юқори даражада тарқалиши кузатилган. Шунингдек, болалар орасида қон айланиш, нафас олиш тизими касалликлари, шовқин ва қулоқ билан боғлиқ шикояти борлар аниқланган.
Бундан ташқари, рақамли қурилмалардан тез-тез ва кўп фойдаланадиган ўқувчилар овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолардан 1,1 баравар кўпроқ, 31 фоизи эса тиш оғриғи ва кариесдан шикоят қилган. Бу рақамли қурилмалардан кам ёки умуман фойдаланмайдиган ўқувчиларга нисбатан 6,4 фоизга кўпдир.
Хулоса қилиб айтганда, рақамли қурилмалардан тез-тез ва кўп фойдаланадиган ўқувчиларда рақамли қурилмалардан кам ёки умуман фойдаланмайдиганларга нисбатан турли касалликларнинг юқори даражада тарқалиши кузатилган. Бу – гаджетлар ва Интернет тармоқлари болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатишидан дарак.
М.Қосимова,
ЎзА